Ўзбошимчалик билан ер майдонларини эгаллаб олиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 16 февралдаги №85-сонли қарорига кўра, ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек махсус ваколатга эга бўлган давлат органлари (Кадастр агентлиги туман бўлими, қурилиш бўлими ва ҳ.к) амалга оширадилар.

Ер кодексининг 89 моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ер хусусидаги низолар суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.

Ер кодексига киритилган янги қонунчилик нормасига кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди.

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.

Жорий йилнинг шу кунига қадар туман ҳокимлиги томонидан фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига 28 та ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш ва ушбу ер майдонларида ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни жавобгарлар томонидан мажбурий тартибда ўз ҳисобидан буздириш бўйича даъво аризалари киритилган.Аксарият ҳолларда фуқаролар томонидан тумандаги фермер хўжаликларига тегишли сувли ер майдонларини эгаллаб олиш ҳолатлари учрамоқда.Ер қонунбузилиши ҳолати юзасидан судга киритилган даъво аризалари қаноатлантирилиб, ер майдонларини фермер хўжаликлари ихтиёрига қайтариш ҳамда ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни жавобгарлар ҳисобидан мажбурий тартибда буздириш тўғрисида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон

туманлараро суди судьяси                                                           Ф.Хидиров

Туман ҳокимлиги

бош юрисконсульти                                                                     Ф.Холтураев