Бош қомус тантанаси

Туманимиздаги 33-мактабнинг фаоллар залида 8-декабрь Конституция кунига бағишланган кўнгилочар байрам тадбири ўтказилди. Саҳна бош қомусимиз қабул қилинган кун муносабати билан чиройли безатилди. Конституция куни ифодаланган кўргазмалар, электрон доска, гуллар, шарлар, туман ахборот-кутубхона марказининг босма ва электрон китоблари кўргазмалари иштирокчиларга завқ бағишлади.
Туман ҳокими ўринбосари Н. Алланазаров, туман адлия бўлими бошлиғи Р. Султанов Конституция қабул қилинган кун муносабати билан сўзга чиқиб, асосий қонунимиз, унинг тарихи ҳақида гапирди. Электрон доскада туман маънавият ва маърифат бўлинмаси тайёрлаган видеоролик намойиш қилинди.
Хушовоз ўқувчиларнинг сухандонлиги, 7, 8, 9-синфларнинг ўқувчилар иштирокидаги бадиий қисм томошабинларга яхши кайфият улашди. Бунда 9-синф ўқувчиси «Ватан» қўшиғи, 8 «Б» синф ўқувчилари Конституция ҳақида шеър ва маълумотлар, 8-синф ўқувчилари инглиз тилида табрик айтди. 8 «А» синф ўқувчилари ҳуқуқий мавзуда, 8 «Б» синф ўқувчилари ифодали шеър оҳангида миллий либосларда саҳна кўринишларини ҳавола қилди. 7-синф ўқувчилари рақс, барча иштирокчилар «Ўзбекистон» қўшиғини ижро этди. Педагоглар устозлигида амалга оширилган кўнгилочар байрам тадбири барчада яхши таассурот қолдирди.
Н. МУҲАММАДИЕВ