«Ҳосил байрами» тантанали нишонланди

Қумқўрғон тумани меҳнаткашларининг 2021 йилги қишлоқ хўжалик мавсумининг муваффақиятли якунларига бағишланган анъанавий «ҳосил байрами» тадбирлари ўтказилди
Байрам туман марказида жойлашган “Алпомиш” ўйингоҳида халқ сайли сифатида ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими Р. Гаппаров сўзга чиқиб, иштирокчиларни Республика миқёсидаги пахта терими етакчилиги билан табриклаб, деҳқон ва фермерлар, уларга ёрдам берган корхона ва ташкилотлар, туманнинг барча меҳнаткашларига миннатдорчилик билдирди. Президентнинг қурилиш ва ободонлаштириш соҳаларидаги Қумқўрғон туманига берилаётган улкан эътибори вилоят ҳокими томонидан яна бир бор таъкидланди. Жорий йилги мавсумда юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда туман пахта хирмонига салмоқли ҳисса қўшган барча ҳудудлар, корхона ва ташкилотлар, агрофирмалар, илғор фермерлар туман ҳокими Р. Гаппаров томонидан қимматбаҳо совғаларни қабул қилиб олишди. Умуман, мавсумда фаол иштирок этган, туман қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшган ҳар бир инсон, ҳар бир жамоа муносиб рағбатлантирилди. Мос ва хос бўлган, бир-бирини асло такрорламайдиган миллий халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг бадиий чиқишлари ташкил этилди.
Кураш мусобоқалари туман ҳокими томонидан очиб берилди. Ўзбек миллий кураши бўйича ташкил қилинган мусобақаларда вилоят полвонлари, Марказий Осиё ва юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган маҳоратли курашчи йигитлар иштирок этишди. Шунингдек, майдонга йиғилганлар кун давомида қўчқор жангларига ҳам гувоҳ бўлишди. Тадбир давомида намунали қишлоқ хўжалик ходимларига турли хилдаги қимматбаҳо совғалар топширилди.
«Ҳосил байрами» тадбирида элимиз суйган санъаткорлардан Алижон Исоқов, Валижон Шамсиев ҳамда Севинч Исмоиловалар томонидан намойиш этилган концерт дастури, ёш ижодкорлар томонидан ижро этилган бадиий чиқишлар тадбир қатнашчиларига хуш кайфият, кўтаринки руҳ бағишлади.
Р. МЕНГЗИЯЕВА