ЗЎРАВОНЛИККА ДАРҲОЛ БАРҲАМ БЕРАМИЗ

Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва  виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак”

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддаси.

 Конституциямизда барча фуқароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, ҳеч ким қийноққа  солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши жамиятда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини ифода этиш билан бирга барча фуқароларга бурчлари сифатида Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари белгилаб берилган.

Ҳозирги кунда оиладаги зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳимоясига оид миллий қонунчилик базаси шакллантирилган. Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли, 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир.

Мазкур қонунчилик ва қонуности ҳужжатларида оиладаги зўравонлик, унинг тушунчаси, Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва бошқа қоидалар баён этилган.

Шунингдек, Қонуннинг 30-модда биринчи қисмига кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан қўриқланади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.

Оилада зўравонликка йўл қўйган шахсларнинг ҳам жавобгарлик масалалари қатъийлаштирилди.

Хусусан, Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомлар қоидаларида, яъни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ҳимоя ордери ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш, ҳимоя ордери бериш муддатини узайтириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этган  ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик  хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби, ҳимоя ордерининг шакли,  ҳимоя ордери талабларини ижро этиш муддатларига амал қилиш ва ижроси устидан назорат юритишга оид тадбирларни ўтказиш, субъектларнинг ўзаро  муносабатлари, ордер нусхасини жабрланган хотин-қизга ҳамда зўравонлик содир этган шахсга бериш тартиблари белгиланган.

 

Қумқўғон туманлараро

иқтисодий суди раиси                                                      С.Аллабердиев

 

 

Суд девонхона мудири                                                      М.Хидиров