Эшитганингиз билан хулоса чиқаришга шошилманг!

Мен нафақадаги ўқитувчиман. Узоқ йиллар xалқнинг боласига таълим-тарбия бердим. Бугунги кунда нафақада бўлганлигим боис, вақтни бекор ўтказмаслик мақсадида ўз тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш истагида кредит олиш учун ҳужжат расмийлаштирдим, аммо кредит маблағларини олишда муаммоларга дуч келдим.
Ушбу масалага ечим излаб туман ҳокимининг қабулига киришга аҳд қилдим. Шу кунга қадар ҳоким билан бирор маротаба кўришмаганман. Аммо ижтимоий тармоқлар орқали кўп эшитганман.
Тўғрироғини айтсам, айрим блогерлар, «ёзувчи»лар ижтимоий тармоқлар орқали ҳоким ҳақида турли салбий фикрлар билдириб, чиқишлар қилиб туради.
Ўшаларни эшитиб, Президент инсон қадри деб турганда, ҳокимлар уларнинг вакилларику, наҳотки, шундай бўлса…, деган фикрлар пайдо бўлганди.
Қабулга киргунга қадар, хаёлим муаммога ечим қилармикин, деган ўй билан банд эди. Қабулга кирганимдан сўнг қаршимда ёш, истарали раҳбар очиқ чеҳра билан мени қарши олди. Ҳар бир сўзимни эътибор билан тинглади. Шу жойнинг ўзидаёқ, тегишли масъулларни чақириб, масалага ижобий ечим қилди ҳамда ўз назоратига олди. Тўғриси бундай эътиборни кутмагандим.
Бугун Муҳтарам Президентимизнинг xалқчил сиёсатини, инсоннинг қадри учун қилинаётган саъй-ҳаракатларни мен ўз туманимда амалий ифодасини кўра олдим.
Қабулдан чиқиб, бозорга қадар яёв юрдим. Ҳар бир нуқтада янги қурилишлар, ўйлаб кўрсам, сўнгги икки йил давомида туманимизда ҳам катта ўзгаришлар бўлганини эътиборсизлик билан қараганимни сезиб, ўзимдан уялиб кетдим. Мен олий маълумотли ўқитувчи бўла туриб, таҳлил қилмай, бўлаётган бунёдкорлик ишларига бепарволарча ёндошиб, ижтимоий тармоқлардаги иғволару, миш-мишларга ишониб ўтирибман.
Ҳозир очиқлик замони. Ижтимоий тармоқлар эса эркин фикрлар минбарига айланиб улгурган. Xоҳлаган инсон, истаган гапини гапириб, овозини оламга эшиттираяпти. Ҳар доим ҳам эшитганларимиз билан xулоса чиқаришга шошилмайлик!
Изласак, тирноқнинг тагидан кир топиш осон. Муаммо бир кишиники эмас, ҳаммамизники, сиз-у бизники. Буни дунёга жар солиб, ўзини адолатпарвар қилиб кўрсатиб, xалқнинг дардини олиб чиқишдан кўра, ўша муаммони ечилишида ўзимизнинг қандай ҳиссамиз бўлиши мумкинлиги ҳақида бош қотирсакгина адолатли ёндошув бўлади, назаримда.
Мен туман ҳокими Р. Гаппаровга туманимиз аҳолисини рози қилиш, xалқимиз фаровонлиги ва юртимиз ривожи учун қилаётган ишлари учун миннатдорлик билдираман.
Фақат нолиш эмас, шукур қилиб, инсон қадри учун қилинаётган ҳар бир яxшиликлардан ҳикмат топиш ҳам бир баxт аслида.
Ў. Маллаева,
нафақадаги ўқитувчи