Тажрибали раҳбар, жонкуяр педагог

Муаллимлик – буюк мақом. Чунки пайғамбарлар муаллим бўлганлар. “Муаллим” сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни ўргатганлар. Ана шунинг ўзиёқ устозлик қай даражада юксак мартаба эканини кўрсатади.
Илм – руҳ озиғи. Инсоният илм билан ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади.
Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб кўзи билан иситади. Ана шундай жонкуяр устозлардан бири Дони Мадартовдир. Меҳнатсевар оилада туғилиб вояга етди. Ўзининг тиришқоқлиги, интилувчанлиги билан устоз деган машаққатли касб эгаси бўлди. Меҳнат фаолияти давомида кўплаб қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтди. Раҳбарлик қилаётган таълим муассасасида талабчанлиги ва изланувчанлиги билан ҳурмат орттирди. Ҳар бир ўқувчининг қизиқиши устида ишлайди. Ўқитувчилар учун барча шароитларни яратган. Фан олимпиадаларида ҳам мактаб жамоасининг алоҳида ўрни бор. Мактаб битирувчилари ҳам талаба бўлиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Устозлар зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунё-ю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун тун-у кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг ҳар хил меваларини тақдим қилади.
Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.
Юлдуз Холиқова,
тумандаги 44-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси