Дўстлик тили – Рус тили

Ўқувчиларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Тил ўрганишлари учун ўқув курслари, мактабларда фаолият олиб бораётган фан тўгараклари шулар жумласидандир. Ноябрь ойи Рус тили фан ойлиги муносабати билан мактабларда тадбирлар, очиқ дарслар ташкил қилинмоқда. Дунёдаги ҳар бир халқни борлигини эътироф этадиган ойнаи жаҳони – унинг тил ва адабиётидир.
Тил миллатнинг руҳи, кўзгуси ҳисобланади. Биз ўз она тилимизни қанчалик севсак, бошқа миллатлар учун ҳам ўз тили қадрли ва суюклидир.
Ҳозирги кунда юртимизда хорижий тилларни ўрганишга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда. Рус тили, инглиз тили, немис тили шулар жумласидандир. Рус тили дунё миқёсида халқаро тил бўлганлиги учун ҳам ўз мавқеига эга, албатта. Ноябрь – барча таълим даргоҳларида рус тили ва адабиёти фани ойлиги сифатида кенг нишонланмоқда. Мактабимизда ҳам ушбу фан ойлиги муносабати билан турли хил тадбирлар, очиқ дарслар, суҳбатлар, викторина мусобақалари ҳар бир синфлар кесимида ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар ўқувчиларни ушбу фанга бўлган қизиқишини оширади, сўзлаш маданиятини, нутқини равон ва теран бўлишига ёрдам беради.
33-мактабда ноябрь ойи рус тили ва хорижий тиллар фан ойлиги юқори савияда ўтказилмоқда. Фанлар ойлиги доирасида ўқувчи ёшларнинг фанларга қизиқишларини янада ошириш мақсадида турли қизиқарли тадбирлар, беллашувлар, синфларда очиқ дарслар ўтказмоқдалар. Очиқ дарсларда ўқувчиларининг фаоллиги ва рус тили фанини чуқур ўрганиб бораётганликлари ва рус адабиётига бўлган қизиқиш катта эканлиги яққол сезилиб турди. Фан ойлиги сабабли ҳафтанинг ҳар чоршанба кунини “Рус тили куни” деб белгиладик. Шу куни ўқувчилар бир-бирлари билан рус тилида мулоқот қилишга ҳаракат қиладилар. Мактабимизда рус тили фанидан тўгараклар ҳам ташкил қилинган. Бундан ота-оналар ҳам мамнун.
-Ўғил-қизларимизнинг ҳозиржавоблиги, фанга бўлган қизиқишларини, уларнинг интилишларини кўриб кайфиятингиз янада кўтарилади,-дейди мактаб директори Х. Алламуродов фан ойлигини якуний тадбирида иштирок этаркан.
Ҳа, ўқувчиларнинг тўла фаоллигида ўтказилган фан ойлигини ёпилиш тадбири ҳам жуда таассуротларга бой бўлди. Ёшлар бизнинг келажагимиз. Уларни билимли, комил инсон қилиб тарбиялаш биз устозларнинг олдимизга қўйган олий мақсадимиздир.

Феруза БЎТАЕВА,
33-мактабнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси