ИСЛОМ ТАЪЛИМОТИГА КЎРА КИМЛАР «ФАТВО» БЕРИШГА ҲАҚЛИ

Тарих ва замонавий воқелик ёвуз кучларнинг ўз манфур мақсадларини амалга ошириш йўлида буюртма фатволар чиқариб, барчани унга амал қилдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлди. Бундай ҳаракатлар муқаддас ислом дини қоидаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганини ва ҳамон оширилаётганини афсус билан қайд этиш лозим.
Сўнгги йилларда мутаассиб гуруҳлар ўз ҳаракатларини «шаръий» деб ҳисоблаб, жамиятда турли хил қарама-қаршиликларни юзага келтириш мақсадида неча асрлардан буён мусулмонлар жамоаси эргашиб келаётган мазҳаб таълимотларига зид бўлган турли руҳдаги «фатволар»ни чиқариб келмоқдалар. Бу эса, бир томондан инсонларни адашиб, нотўғри йўлларга кириб кетишларига сабаб бўлса, иккинчи томондан жамиятда ўзаро тушунмовчилик, адоват кайфиятининг пайдо бўлишига замин яратмоқда. Шу ўринда савол туғилади. Хўш, фатво ўзи нима? Уни кимлар беришга ҳақли?
Маълумки, «фатво» (ар.)-«саволга жавоб бериш», «шариат масалалари юзасидан фатво чиқармоқ», «маслаҳат бермоқ», «муфтийнинг хулосаси» маъносини англатади. Истилоҳда эса, «сўраган кишига шаръий далил асосида ҳукм чиқариш»га нисбатан қўлланилади.
Луғавий жиҳатдан фатво берувчи инсон « муфтий» деб аталади. Бу борада олимлар бир қанча фикрларни билдирганлар. Жумладан, машҳур фақиҳлардан Имом Қарофий шундай деганлар: «Муфтийлар Аллоҳ таолонинг таржимонларидир. Чунки улар нассга таянган ҳолда ҳукм чиқарадилар». Имом Шотибий эса: «Муфтийлар уммат учун Расулуллоҳ (алайµис-салом) мақомларида бўладилар. Бунга далил қилиб: «Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам эмас, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар», ҳадисини келтирадилар» деб шарҳлаганлар. Демак, фатво бериш ўта шарафли ва масъулиятли вазифалардан ҳисобланган.
Фатво беришнинг масъулияти оғир эканини ҳис қилиб, саҳобийлардан Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Оиша онамиз, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) каби саноқли кишиларгина фатво чиқарганлар. Ибн Абу Лайло айтадилар: «Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг 120 та ансорларини учратдим. Уларнинг бирларидан савол сўраганимда кейингисига ўтказар, ундан сўрасам у бошқасини кўрсатар эди. Охири айланиб яна биринчи савол берган кишига келдим». Саҳобийлар фатво беришда ниҳоятда эҳтиёткор бўлганлари бу ривоятда аён бўлади.
Саҳобийлардан сўнг, тобеийлар ёки улардан кейинги даврда яшаган уламолар ҳам фатво беришдан ўзларини тияр эдилар. Жумладан, тобеий бўлган Шаъбийдан бир савол сўралганда, у киши: «билмайман», деб жавоб қиладилар. Шунга, одамлар: «Сиз Ироқ фақиҳи бўлсангиз, «билмайман» дейишга уялмайсизми?!» деганда Шаъбий: «Фаришталар: «…Зоти покинг ҳаққи, бизда ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир…»(Бақара, 32), дейишга уялмаган, мен нега уялай», деб жавоб берганлар.
Фатво мусулмонлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини англаган ҳолда, фатво беришга ҳамма ҳам ҳақли эмас эканлигини қайд этиш зарур. Зеро, нохолис ва ножоиз фатволар қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишига ҳамда асл таълимоти тинчлик бўлган ислом ҳақида жоҳиллик, ёвузлик, босқинчилик ва қотиллик дини суратида тасаввур пайдо бўлишига сабаб бўлади. Аслида, ислом қоидаларига биноан фатво бериш ҳуқуқи юқорида қайд этилганидек, фақатгина ақида, фиқҳ илмида мукаммал даражага етган, Қуръонни тафсирлари ва турли бошқа илмлари билан тўлиқ ёд билувчи, қолаверса, «муфтий (фатво берувчи)» мартабасига эга бўлган муайян шахсларгагина берилиши маълум. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.µ.) дан қанча ҳадисни ёдлаган одам фатво бериши мумкинлиги ҳақида сўралганда, муфтий камида 400 минг ҳадисни билиши кераклигини айтганлар. Ибн Асокир келтирган Расулуллоҳ (алайҳис-салом) нинг «Кимда-ким илмсиз фатво берса, унга Аллоҳ таоло, фаришталар, осмону ердаги барча мавжудотларнинг лаънати бўлсин», деган ҳадислари ҳам бузғунчиларга хизмат қилувчи «фатвохон уламолар»нинг фаолиятига муносиб баҳодир.
Бугунги кунда баъзи эътироф этилмаган оқимлар ҳамда шахслар томонидан ўз ғаразли мақсадлари, амалиётларини оқлаш йўлида муқаддас ислом номи билан турли «фатволар» бериб келаётганини афсус билан қайд этиш лозим. Жумладан, «жиҳод», «такфир (кофирга чиқариш)», «ҳижрат», «ўз-ўзини ўлдириш» каби масалаларда чиқарилаётган фатволар шулар жумласидандир.
Бундай бузғунчи фатволар жамиятни пароканда бўлишига, инсонларнинг қонини тўкилишига, фитналарнинг кўпайишига олиб келаётгани, унинг ислом таълимотларига зид эканини намоён этади.
Қ. Бойсариев,
тумандаги «Аҳадхон» жоме масжид имом хатиби