Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021

Қумқўрғон туманида ёшлар фаолияти билан боғлиқ ишлар асосий масалалардан бирига айланди. Бунга ёш авлодни камолга етказиш учун амалга оширилаётган тадбирларни мисол келтириш мумкин.
Жорий йилнинг 24 ноябрь кунида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 208-сонли баёнига асосан «Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021» ҳафталигини ўтказиш бўйича топшириқлар изчил амалга оширилди. Туманимизда умумий аҳолининг 60000 нафари ёшлардан иборат бўлиб, бу вилоятдаги жами ёшларнинг 12 фоизини ташкил этмоқда. Уларнинг ғайрат-шижоати, билими, ташаббускорлиги барча соҳаларни гуллаб-яшнатишига шубҳа йўқ. Айнан ёшларнинг намунали вояга етказилаётганлигини туманда «Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021»ни кўтаринки кайфиятда, қизғин тайёргарликлар асосида бўлиб ўтганлигида кўринди. Сурхондарё вилояти ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси бошлиғи Жамшид Чориев тадбирларда қатнашиб, форум иштирокчиларини қизғин табриклади. Ёшлардан иборат «Қумқўрғон – 1977» футбол жамоасининг вилоят биринчилиги 2-лигасида фахрли биринчи ўринни эгаллаганлиги қизғин байрам тусини олди. Туман ҳокимлигидан 10 та Каптива русумидаги автомобилларда йўлга чиққан футболчилар шаҳарнинг диққатга сазовор кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Наврўз маданият ва истироҳат боғига хурсанд кайфиятда кириб келди. Туманимиз раҳбарлари ёшлар форумида футболчиларининг ютуғини муносиб тақдирлади. «Беш муҳим ташаббус» асосида ташкил этилган тадбирларда ўқувчиларнинг қобилиятлари, истеъдодларини намоён этувчи кўргазмаларга кенг ўрин ажратилди. Ўқувчилар рангли бўёқларда чизган расмлар кўргазмаси барчага яхши кайфият улашди. Миллий рақслар намойиши, санъаткорларнинг концерт дастури ҳам мусиқа ва санъат мухлисларига манзур бўлди. 6000 га яқин ёшлар иштирокидаги форум ҳар доимгидек ёш авлоднинг гулгун кулгилари, жарангли овози, истеъдоди ва маҳоратининг натижалари билан уйғун ҳолда ўтди.

Н. МУҲАММАДИЕВ