Халқ билан ҳамнафас: вилоят ҳокими Қумқўрғонда сайёр қабул ўтказди

Аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси томонидан жойларда вазирлик ва идоралар, секторлар раҳбарларининг сайёр қабуллари йўлга қўйилди.
“Янгиер” маҳалласида вилоят ҳокими Т. Боболов фуқароларнинг мурожаатлари бўйича оммавий сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда сектор раҳбарлари, Ўзбекистон Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири ҳамда туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида фуқароларининг мурожаатлари ўрганилди. 92 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этган қабул давомида ишга жойлашиш, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр симёёочлар ўрнатиш ва эскирган трансформаторларни алмаштириш, имтиёзли кредит олиш, суюлтирилган газ баллонлари ажратилиши, соғлиқни сақлаш ва ногиронлик аравачалари билан таъминлаш, уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга оид 100 га яқин мурожаат қабул қилинди. Жумладан, Қумқўрғон тумани, “Янгиобод” маҳалласидан Мусаева Муҳаббат қизи Мамашукурова Зарнигорнинг соғлигини тиклаш учун вилоят ҳокимига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Шу ернинг ўзида моддий ёрдам берилди.
Бу каби қабуллар фуқароларнинг адолат излаб идорама-идора юриши ёки вилоят марказига овора бўлиб келиб-кетишининг олдини олиб, муаммони жойида ҳал қилиш имконини бермоқда. Энг муҳими, Республика даражасидаги раҳбарларнинг халқ ҳузурига бораётгани қуйи тизимларда ҳал бўлмаётган масалаларнинг ҳал қилинишига ёрдам бермоқда.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА