Энг улуғ ва шарафли касб эгаларига эҳтиром

Барча санъатлар ичида энг улуғи тиббиётдир! Бундан минг йиллар аввал, машҳур олим, файласуф Гиппократ томонидан айтилган ушбу сўзлар шифокорлик касбига берилган гўзал таърифлардан биридир.
Қадимда тиббиёт ходимини ёниб турган шамга қиёслашган. У эриб тугагунича атрофга нур, ёруғлик таратиб турганидек, бу соҳа вакиллари ҳам ўзгалар қувончи, бахт-у иқболи йўлида бор куч ва салоҳиятларини ишга солишади. Машаққатли меҳнат қилишади. Беморни нафақат дори-дармон, балки ширин сўз, қайноқ меҳр тафти билан даволашади. Унинг соғайиб табассумини кўрганда ёки миннатдор юзига боққанида чеккан барча заҳматларини бир зумда унутиб, яна бошқа инсон дардига малҳам бўлишга шошилишади. Бу айтишгагина осон. Аммо, ҳар ким ҳам ушбу касбнинг улкан залворини елкасида кўтариб юролмайди. Жонкуяр, фидойи, сабр матонатли кишиларгина оқ халат масъулиятини теран ҳис этади. Умрини шунга бағишлайди. Ҳамширалик касби, айниқса, бугун ўзининг юксак мақомига эришди. Аҳолининг унга ишончи, ҳурмати ортди. Энг улуғ ва шарафли касб эгалари ҳар қандай эъзоз-у эҳтиромга муносибдирлар.
Глобаллашув даврида тиббиётда катта ютуқларни қўлга киритиш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, пировардида аҳоли саломатлиги кўрсатгичларини яхшилаб бориш саноқли давлатларгагина хос. Туманимизда ҳозирги вақтда 1147 нафар ҳамшира фаолият юритмоқда. Шулардан 4 нафари Олий ҳамширалик курсини битириб, бизнинг туманимизда ишламоқда. 300 нафар олий тоифа, 400 нафар биринчи тоифа, 100 нафар иккинчи тоифа ҳамшираларимиз ҳам касбига садоқати туфайли элимизда обрў топаяпти. Жумладан, Перенатал маркази бўлимимиз 100 ўринга мўлжалланган. Тиббиёт ходимларидан Эсанова Гулноз, Улуғбердиева Гулчеҳра, Мусурмонова Турсунойлар она ва бола саломатлиги учун замонавий қулайликларни амалда қўлламоқдалар. Чақалоқлар бўлимида Ҳофизова Сайёра, Шошилинч тез тиббий ёрдам хирургиясида Тангирова Севара, Мусурмонова Ўрозхол шижоат ва билимдонлик намунасини кўрсатаяпти. Юқумли касалликлар бўлимида Мисиров Ихтиёр, Нурматов Неъмат, Хўжаназарова Феруза синов даврида қийинчиликларини мардонавор енгмоқда. Тиббиёт соҳасининг барча жабҳаларида ҳамширалар ҳам изланиб, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас бўлишга интилишаётир. Бугун тиббиёт жабҳаси вакилларининг асосий мақсади – тиббий хизмат сифатини юксалтириш, халқ ишончини қозонишдир. 12 май – Халқаро ҳамширалар куни билан туманимизнинг барча ҳамшираларини чин қалбдан муборакбод этаман. Мана шу масъулиятли йўлда сиз азизларга мустаҳкам соғлик, куч-қувват ва муваффақият тилайман.
Н. ЎРОҚОВА,
туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси