Исломда бошқа дин вакиллари билан бўладиган муносабатлар

Тарих шоҳидки, Ислом инсониятга диний бағрикенглик, адолат, раҳм-шафқат ва халқлар ўртасида ўзаро ҳурматни олиб келган ягона диний низом бўлди. Чунки Ислом бу зўравонлик, зиддиятлар, урушлар ва террорни таг-томири билан йўқотиш йўли ва адолат, тинчлик, диний бағрикенглик ва фаровонлик кафолатидир.
Мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан бўладиган муомалаларидаги бағрикенгликка оид қарашларнинг асоси ислом уларнинг онг ва қалбларига сингдирган фикрларга ҳамда очиіқойдин ҳақиқатларига бориб тақалади. Уларнинг энг асосийлари қуйидагилар:
1. Дини, жинси ва ранги қанақа бўлишидан қатъий назар инсон зотининг асли бирлиги ва одам зотининг мукаррамлиги. Аллоҳ таоло Исро сурасининг 70-оятида шундай марҳамат қилади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло одам боласини борлиқдаги барча нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганини айтмоқда. Аллоҳ таоло, яна, одам боласини ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма маҳлуқотлардан устун туради.
Авваллари инсонлар тупли халқлар, қабилалар, ирқлар ва табақаларга бўлинар эди. Улардан баъзилар устун, бошқалари остин ҳисобланарди. Мазкур табақалар орасидаги тафовут жуда ҳам улкан бўлиб, баъзида инсон билан ҳайвон, ҳур билан қул ва обид билан маъбуд орасидаги тафовутга тенг келар эди. Бинобарин, инсоният бирлиги ва башарият тенглиги ҳақида мутлақо фикр ҳам юритилмас эди.
Бас, Муҳаммад (с.а.в.) узоқ давом этган сукунатдан ва зулматдан сўнг мазкур инқилобий, ақлларни даҳшатга солувчи ва вазиятларни ўзгартирувчи ҳукмни эълон қилдилар : “Эй одамлар! Албатта, сизнинг Роббингиз бирдир. Албатта сизнинг отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одамдансиз. Одам тупроқдандир. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан фазли йўқ, магар тақво ила”, дедилар.
2. Инсонларнинг турли динларга мансуб бўлиши Аллоҳ таолонинг иродаси кетган воқелик эканини эътироф этишлик. Чунки Аллоҳ таоло инсон зотига бирор нарсани қилиш ёки қилмаслик борасида ихтиёр берган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Каҳф сурасининг 29-оятида шундай марҳамат қилади : Айтинг: «(Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин»….
Мусулмон киши барча нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиш ва иродаси билан бўлишини, У зотнинг иродасини рад қилувчи йўқлигини ва Аллоҳ таоло фақатгина яхшиликни қилишини яхши билади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар инсонларни исломни қабул қилиб барчаси мусулмон бўлишлиги учун мажбурлаб тазйиқ ўтказмайдилар. Бу борада Аллоҳ таоло Расулига хитоб қилиб шундай марҳамат қилади: Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?! (Юнус 99)
3. Барча одамлар орасида ўзаро танишув ва тотувлик бўлиши зарурлиги.
Аллоҳ таоло ҳужурот сурасининг 13-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Демак, одамларнинг асли бир: ҳаммалари Одам Ато ва Момо ҳаводан тарқалганлар. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.
Кишилар ўзларича мезон тузиб, бирларининг иккинчиларидан афзалликларини ўлчаб юришади. Кимдир мол-мулкига қараб, кимдир ҳасаби-насабига қараб, яна бирлари танасининг рангига қараб, яна кимдир қабиласи ёки миллатига қараб ва ҳоказо ўлчовлар воситасида ўзини устун қилиб кўрсатади. Ҳамма бир ота ва бир онадан тарқалганлигини, у ота-оналар эса, тупроқдан яратилганини унутиб қўяди.
Динимиз ислом инсониятни ҳамжиҳатликка, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришга, энг тўғри яшаш йўли бошқалар билан бўладиган самимий муносабат эканлигига чақиради. Мазҳабимиз мусулмонларни эзгулик сари чорлар экан, бошқа мазҳабдаги, диндаги ва ёки қарашдагиларга кенгбағирлик билан муносабатда бўлишни ўргатади. Йўлимиз, яшашимиз, дунёмиз бир бўлган битта замин бўлмиш-ерда истиқомат қилар эканмиз, муштарак мақсад, икки дунё саодатини топиш учун аввало ҳалимлик, мулойимлик, кенгбағирлик, сабрлик, ҳамфикрлик, ҳамжиµатлик каби фазилатлар билан элатлар, миллатлар, халқлар ўртасида ўзаро самимий муносабатда бўлсак юксак тараққиёт сари одимлаб, илгарилаб борамиз.
М. АЛИЕВ,
«Мухторхон» жоме масжиди имом ноиби