Кексалар учун туризм ойлиги

«Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» ҳукумат қарори қабул қилинди.
1 ноябрдан 30 ноябргача «Кексалар учун туризм ойлиги» деб эълон қилинди.
Ойлик доирасида кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади. Юртимизнинг диққатга сазавор жойларига саёҳатлар уюштирилади. “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида Қумқўрғон туман ҳокими Р. Гаппаровнинг ташаббуси билан туманимиздаги нуроний отахон ҳамда онахонларимиз Шеробод туманига ва Термиз шаҳридаги зиёратгоҳларга юборилмоқда. Нуронийларимиз юртимиз тинчлиги ва тараққиёти йўлида қўлларини дуога очиб эзгу ниятлар билдиришмоқда.
Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан мамлакатимизда ички туризмга рухсат берилгани муносабати билан кексаларнинг дам олишини мароқли ташкил этишда, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги, шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилади.
Нуронийларимизни борида қадрлайлик. Кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш бизнинг маънавиятимизни белгилайди.