Давлатимиз раҳбарининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Фармони ижросини таъминлашда Қумқўрғон туманида ҳам амалий ишларга қўл урилмоқда.
Туманимизда эрта тонгда «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» шиори остида туман ҳокими Р.Гаппаров, сектор раҳбарлари, халқ таълими, жисмоний тарбия ва спорт, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва бошқа мутасаддилар ҳамкорлигида юриш марафони ўтказилди. Унда ёшлар, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, ходимлари, фаоллардан иборат 5 минг нафардан зиёд кўнгиллилар қатнашди.
Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммунитет ҳосил бўлади. Зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, жисмоний фаоллик ҳар биримиз учун зарур. Айниқса, аҳоли тинчлигини таъминлашга хизмат қилаётган ички ишлар ходимлари ҳам соғлом турмуш тарзига риоя этишлари шарт.
Марафонда беш юзга яқин кўнгилли иштирокчилар белгиланган масофани пиёда босиб ўтишди. Шундан сўнг, ўйингоҳда эрталабки бадантарбия машғулотларини бажардилар.
Таъкидлаш жоизки, жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси бўлган бу каби тадбирлар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА