Ғалла ўримига техникалар шай

Туманимиздаги “Турон” ОАЖда ғаллакорларнинг ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлигига бағишланган семинар ўтказилди. Унда сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар, отряд бошлиқлари, комбайнчилар, автотранспорт ҳайдовчилари, техник хизмат кўрсатувчилар, ер ўлчагичлар, ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимлари қатнашди.
Семинар ишида вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Х. Самадов, вилоят прокурорининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари С. Маҳманов, туман ҳокими Р. Гаппаров иштирок этди. Улар техникаларнинг мавсумга шайлиги, комбайнчиларнинг намунали ишлаши учун яратилаётган шароитлар, уларга бир миллион сўмдан пул берилганлиги, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлиги, автотраспортлар, техник хизмат кўрсатиш транспортларининг тайёргарлиги билан яқиндан танишди. Ғалла ўрим-йиғимига жалб этилаётган мутахассислар, техник ходимлар иштирокидаги йиғилишда бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот, ғаллани ўриб топширишни намунали амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бу йил туманимизда 8183,8 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Далаларга экилган Гром, Таня, Васса, Краснадар-99, Денов, Ғазғон, Аср, Ёғду, Арпа каби ғалла навлари бўлиқ бошоқлар тугиб, ўрим-йиғимга тайёр бўлмоқда. Ҳосилни комбайнлар ёрдамида ўриш ва қабул пунктларига етказиб бериш учун 14 та ўрим-отряди тузилди. 27 та комбайн ёрдамида 146 та фермер хўжалигидаги ғаллазорларда пишган бошоқли дон ўриб йиғилади. 165 та ташиш техникаси ўриб янчилган донларни пешма-пеш қабул пунктига олиб боради. 14 та автомашиналар транспортларга техник хизмат кўрсатишга жалб этилади.
Бу йилги мавсумда туманимиз бўйича 58999 тонна ғалла ишлаб чиқарилади. Шунинг 43692,5 тоннаси фермер хўжаликлари, 15306,5 тоннаси кластер ҳисобига тўғри келади. Давлатга 25961 тонна ғалла сотиш режалаштирилган. Шундан 1410,0 тоннаси уруғлик учун топширилади.

Н. МУҲАММАДИЕВ