Бугунимиз ва келажагимиз асосчилари

Кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Тинч ҳаётимизнинг асосчилари бўлган қаҳрамон кексаларимизнинг ҳолидан хабар олиш, оғирини енгил қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони имзоланди. Туманимизда ҳам уруш фахрийларига туман ҳокими Р. Гаппаров, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари бўлган қаҳрамонларимиз Қодиров Зокир бобо, Чориев Абдураҳмон бобо, Аҳмедов Икромхон бобо, Мусаев Ҳайит боболарнинг хонадонига бориб совғалар топширилди.
Муҳтарам Президентимизнинг табрик нутқини, туман ҳокими Р. Гаппаров қаҳрамон нуронийларимизга ўқиб эшиттирди.
Президент совғалари: эсдалик ҳайкалчаси, китоб ва 10 миллион сўм миқдоридаги пул ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари томонидан таъсис этилган Ғалабанинг 75 йиллик юбилей медаллари ҳам фахрийларимизга тақдим этилди.
Ўтмишга назар соладиган бўлсак II жаҳон урушининг унутилмас хотиралари ота боболаримиз юзларида қалқиб турган ажинларида акс этибгина қолмасдан балки ҳикоя қилиб берган сўзларидан англаш қийин эмас.
– Дунёда халқлар кўп, урф-одатлар ҳам шунга яраша, аммо инсон қадри-қиммати, унинг манфаати юксак қўйилган юрт ҳамма жойда ҳам топилавермайди, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қодиров Зокир бобо. — Шукурки, юртимиз тинч-осуда. Шу сабаб, хонадонларимиз файзли, обод. Уруш йилларидаги очарчилиг-у, суронли кунлар, ўтмишнинг машаққатларини эсласам, бугунги фаровон турмушимизга кўз тегмасин, дейман. Истиқлол туфайли бугун халқимиз фаровон ва осойишталикдан масрур. Кексаликнинг гаштини суриб фарзандлар, невара-ю чеваралар ардоғида иззат-икромда яшашга не етсин.
– Бугун тинч, фаровон, кексаларини қадрлаган юртда умргузаронлик қилаётганимдан беҳад хурсандман,- дейди, тўқсон беш ёшни қаршилаган уруш қатнашчиси Чориев Абдураҳмон бобо. – Юртбошимиз томонидан берилган совғаларни олдик. Қўлларимиз дуода, ҳеч уруш кўрманглар болаларим.
– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Мусаев Ҳайит бобо. – Президентимизнинг биз, уруш қатнашчиларига кўрсатаётган ғамхўрлиги умримизга умр қўшмоқда. Илоҳим, уруш ҳеч қачон қайтмасин, биз кўрган кунларни бошқа ҳеч ким кўрмасин. Юртимиздаги тинчликка, халқимиз фаровонлигига кўз тегмасин.
– Афсуски, уруш фахрийларининг сафи йилдан-йил камайиб бормоқда, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Н.Алланазаров. – Бугунги кунда туманимизда 4 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Улар доимий эътиборда. Фахрийларнинг уйлари тўлиқ таъмирланди. Томорқасига ишлов берилиб, турли кўчатлар ўтқазилди, гул ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экилди.
Истиқлол йилларида инсон қадр топди. Жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, озод ва фаровон ҳаёт кечиришида намоён бўлмоқда.
Жойларда ўтказилаётган бу каби тадбирларда кексаларимизнинг босиб ўтган йўли, ҳаётий тажрибаси ёшларга ибрат эканлиги, халқимиз ҳеч бир ишни кексалар дуоларисиз бошламаслиги бежизга эмаслиги ҳаётий мисоллар орқали очиб берилмоқда.
Райҳон Менгзияева,
туман Кенгаши депутати