ФОҲИШАБОЗЛИК ВА ҚОТИЛЛИК ЖИНОЯТЛАРИ

Инсон тарбияси анча эрта, ҳаёт тажрибасига эга юртдошларимизнинг таъбири билан айтганда гўдаклик давридан бошланади. Оилада тарбияланади, таълим-тарбия босқичларидан ўтади. Теварак-атрофдагилари, яшаётган муҳити унинг ижобий фаолиятида катта ўрин тутади. Инсоннинг ўзи оқил бўлса, нима яхши-ю нима ёмонлигини билса, эзгу ишларни бажарса бахти бутун, эл олдида юзи ёруғ бўлади.

Шунча тарбияга қарамасдан нопок ишларга қўл урган кимсалар учрамоқда. 2017 йил 26 июлда Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди ўз биносида ва Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди биносида фоҳишабозлик ва қотиллик жиноятлари содир этган шахсларга нисбатан ёпиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Судья Я. К. Ниёзовнинг раислигида, халқ маслаҳатчилари И. Аллаяров ва Ж. Чоршанмиевдан иборат таркибда, Т. Тожиевнинг котиблигида, тарафлардан давлат айбловчиси Термиз шаҳар прокурори  ўринбосари И. Усмонов, Термиз шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўргатувчи И. Эргашев, судланувчи ва унинг ҳимоячиси “Сурхон Баркамол Имкон” адвокатлар ҳайъати адвокати М. Саманов, жабрланувчининг қонуний вакили иштирокида жиноий иш кўриб чиқилди.

Суд мажлисида бир оилада яшаб катта бўлган ака-уканинг шахсий ҳаётида содир этилган жиноятлар муҳокама қилинди. Қумқўрғон туманидаги Дўстлик маҳалласи С. Термизий кўчаси 5 б уйда яшаган, бирорта ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаган Ч. Р. нинг (исми, фамилияси ўзгартирилди) иснод қилмишларини сурункали равишда бажарган. Акасига бўлган  ғужурини топтаб, унинг турмуш ўртоғи, ўзининг янгаси билан бир неча марта дон олишган, яъни фоҳишабозлик жиноятини содир этган. Кунларнинг бирида акаси уларни жиноят устида ушлади. Турмуш ўртоғини уйидан ҳайдаб юборди. Ака-ука ўртасида мажора давом этди. Улар бирга спиртли ичимликларни истеъмол қилаётган вақтда укаси акасига қасд қилиб ёғоч дастали ошхона пичоғи билан бўйнига бир марта, кўкрагига икки марта пичоқ санчиб ўлдирди. Жасадни уйдаги гиламга ўраб ташлади. Эртасига янгасини телефон воситасида уйига чақириб олди. Иккаласи жиноятларини яшириш мақсадида мурдани ҳожатхонага ташлаб юборди. Шахсий паспортини тандирга ташлаб ёқди. Қора қилмиши фош бўлишидан қўрқиб марҳумни аввалига Тошкент шаҳрига, кейинчалик Россия Федерациясига ишлашга кетди, деб ёлғон гап чиқарди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг изланувчанлиги, жиноятни фош этишдаги билимдонлиги амалда натижасини кўрсатди. Тўпланган ашёвий далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида жиноятларни аниқлади. Айбдорга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари асосида жазо чораси тайинланди. Фоҳишабозликка йўл қўйган, ўзининг жигаргўшасини қасддан ўлдирган Ч. Р. (исми, фамилияси ўзгартирилди) 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Т. Тажиев,

Жиноий ишлар бўйича Қумқўрғон туман суди девонхона мудири