Меҳрини пулларга сотган она

МЕҲР  СОТИЛМАЙДИ… НОНКЎРЛИКНИНГ УВОЛИ  ЁМОН!

Уруш  йилларида одамлар очликдан, муҳтожликдан эзилиб, ҳамма нарсасини сотиб, очликдан силласи қуриган болаларига бир бурда нон олиб берганлигини  кўп эшитганмиз. Ўшандай оғир йилларда ҳам одамлар ҳамма нарсасини, бор- будини  сотса ҳам, ҳеч ким боласининг бешигини сотмаганлигини ҳар гал эслаганда, юракни шарҳсиз туйғулар эгаллаб олади. Жонсиз ёғоч буюмга шу қадар эҳтиромда ўзига хос меҳр борлиги бизнинг ўзбекона   ўлмас қадриятимизга айланганлиги кўнгилга  ғурур бағишлайди.

Бугун-чи, бугун? Бешик эмас, ўз боласини сотаётганларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу борадаги жиноятлар сони ортганлигини шарҳлаётган  масъул раҳбарлар эса  юксак минбарларда туриб, бу ҳолатни  изоҳлашга келганда: “Балки шунга мажбур бўлгандир…” деган ҳақсиз иқрорлар,  ўтмас баҳоналар билан қаршингизга       чиққанига ҳайрон қоласиз. Ажабо, онани ўз дилбандини сотишга нима мажбур қилиши мумкин? Эътибор қилганмисиз, ҳатто   ақл-идроки йўқ энг йиртқич жонзотлар ҳам боласига яқинлашмоқчи бўлганларни тилка-пора қилиб ташлашга тайёр туради.

Г. Авазова (исм – фамилияси ўзгартирилган) она меҳрига тўйишга улгурмаган фарзандини фарзандини Д. Эшбоев (исм – фамилияси ўзгартирилган) га 20000 АҚШ долларига сотишга келишиб олади. Г. Авазованинг кўз олдига фарзандининг чеҳраси эмас фақат пул келади. Д.Эшбоевдан  Денов тумани “Бехрузбек” номли ошхонада Г .Авазова 1.900 АҚШ доллари ва 1.000.000 сўм пулларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланади. 

Она учун фарзандини зебу зарга, молу дунёга алмаштирадиган бирорта асос, бирорта сабаб, бирорта баҳона йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас! Оналар жар ёқасида ҳам, ўлим тўшагида ҳам сўнгги нафасигача болам деб яшайдиган зот эмасми?

Онани йўқчилик эмас, тўқчилик, бағритошлик, шафқатсизлик, ўз тинчини ўйлаш,  “енгил” ҳаёт,  ношукурлик, нонкўрлик, энг ачинарлиси, Ватанга хиёнат  Оллоҳ берган улуғ неъматни сотишга мажбур қилиши мумкин.

Бугун ана шу меҳрсизик ва  оқибатсизлик, ана шу хиёнат туфайли “Меҳрибонлик уй”ларида тарбияланаётган ўғил-қизларнинг аксарияти отаси ёки онаси борлар эканлигида яққол кўринаяпти. Меҳр-оқибатнинг таназзулини “Меҳрибонлик уйи”да боласини қолдириб, ундан бир бора хабар олмаётган ота-оналар, алал-оқибатда оналик ва оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган кимсалар ҳам ўзбеклигига ишонгингиз келмайди.  Аммо бу аччиқ ҳақиқатлардан кўз юмиш қийин. Нонкўрликнинг эса уволи ёмон.

О.Эргашев,

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон  туман суди раиси

Т.Тажиев

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди девонхона мудири