Туманимиздаги Хуррият маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик! шиори асосида уч авлод учрашуви ўтказилди. Маҳалла ҳудудида яшаётган кексалар, ўрта ёшлилар ва ёшлар байрам тадбирига таклиф этилди. Маҳалла раиси Ўрол Менглиев, Ёшлар иттифоқи Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи Азиз Каримов, нуронийлардан маҳалланинг биринчи раиси Эгамберди бобо Тураев, Парда бобо Ашуров қалб гапларини айтди.
Тадбирда “Бир пиёла чой” устида суҳбат давом этди. Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида меҳнат қилган нуронийлар ўзларининг ҳаёти ва фаолияти ҳамда ҳозирги замонда фаровон яшаётганлиги ҳақида сўзлаб берди. Ўрта ёшдагилар тоталитар тузумдаги пахта яккаҳокимлиги, ўқитувчилар, ўқувчилар ва талабаларни ўқув йили давом этаётганлигига қарамасдан эртадан кечгача йиғим-теримга сафарбар этишгани, мустақиллик йилларида бу қийинчиликлар барҳам топиб ўқув жараёнлари узлуксиз амалга оширилаётгани ҳақида гапирди. Истиқлол фарзандлари Муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган сиёсати асосида ёритилаётган шароитлардан мамнунлиги, улкан бунёдкорлик, замонавий технологияларнинг жорий этилаётганлиги, янгича дунёқарашни шакллантириш учун амалга оширилаётган тадбирларнинг мазмундорлиги, ривожланишлар ҳаёти ва фаолиятида ўз ифодасини топаётганлиги хусусида айтди. Маҳалла фаоллари бир гуруҳ нуронийларга қимматбаҳо совғаларини топширди.
Н. МУҲАММАДИЕВ