Адлия бўлими ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг қисқача мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш беради.

  1. “Судлар тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-703-сон, 28.07.2021 й.) Президент томонидан имзоланди

Қонунга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас.

Шу билан бирга, Олий суд қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланди.

Судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади.

Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун – 65 ёшни ташкил этади.

Уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади.

Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.

Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

  1. “Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5197-сон, 24.07.2021 й.) қабул қилинди

Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан “E-auksion” электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади.

Бунда: иштирокчиларга, шу жумладан чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан бепул тақдим қилинади;

  • объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;
  • аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;
  • хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;
  • сотилган объектнинг қиймати БҲМнинг 5 минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, 5 минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
  • аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари аукционлардан четлатилади (тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга).
  • аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.

Мазкур тартиб электрон савдо платформаси орқали сотилиши ёки ижарага берилиши белгиланган барча турдаги активларга нисбатан татбиқ этилади.

Автомототранспортларни “E-auksion”даги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади

Қарорга (https://t.me/huquqiyaxborot/10085) кўра, қуйидагилар электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан амалга оширилади:

  • устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларнинг улушлари, кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини реализация қилиш;
  • давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини ижарага бериш.
  • 2022 йил 1 январдан автомототранспортларни “E-auksion”даги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади.

Бунда, электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

Шунингдек, Марказнинг ташкилий тузилмасида Ички аудит ва комплаенс-назорат хизмати ташкил этилиб, унинг зиммасига аукционларни ташкил этиш ва ўтказишда коррупция аломатларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш вазифаси юкланади.

Қарорга мувофиқ, ер участкаларини аукционга инвестиция киритиш шарти билан чиқариш тартиби бекор қилинади.

Кадастр агентлиги ер участкалари бўйича аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб барча иштирокчиларга мазкур ер участкаларини олдиндан кўриш (кўздан кечириш) имкониятини таъминлайди.

Ер участкаси бўйича тегишли маълумотлар, шу жумладан фотосуратлар, унинг геолокация ва координаталари тўлиқ кўрсатилмаган ҳолда аукционга чиқариш учун буюртма тақдим этилганда, у камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.

2021 йил 1 августгача электрон савдо платформасида аукционда иштирок этувчилар сони, шунингдек, аукцион жараёнини онлайн режимда кузатиб бориш жорий этилади.

 

2021 йил 1 октябргача электрон савдо платформасининг демо версияси ишлаб чиқилиб, мактаб ва ОТМ ўртасида оммалаштирилади.

  1. “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5198-сон, 26.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021–2022 йиллар давомида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари босқичма-босқич ташкил этилади.

Жумладан, қуйидагилар Марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш;
  • ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш.

Марказларга:

  • ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий ўринлари сони доирасида 50 тадан 60 тагача ўринлар ажратилади;
  • ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилади.

Қарорга кўра, 2021–2023 йилларда болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурни амалга ошириш учун жами харажатлар миқдори 264,5 млрд. сўмни ташкил этади.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан ОТМда нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолияти йўлга қўйилади.

  1. “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5199-сон, 28.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан тегишли давлат тиббиёт муассасаларида (14 та) имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади.

2022 йил 1 январдан кардиология, травматология ва ортопедия ҳамда акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилади.

Амалдаги ордер бериш тартибига асосан расмийлаштирилган ордерлардан 2022 йилнинг 1 январигача фойдаланиш мумкин.

2022 йил 1 январдан тегишли давлат тиббиёт муассасаларида (13 та) имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби жорий этилади.

2021 йил 1 октябрдан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволаш учун ихтисослаштирилган муассасаларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартномалар асосида базавий нархларда молиялаштириш механизми жорий этилади.

2021 йил 1 августдан онкология, онкогематология ва гематология муассасаларининг паллиатив ёрдам кўрсатиш бўлимлари шифокорлари, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун ўта хавфли шароитлари учун 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

2022 йил 1 январдан босқичма-босқич туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 46 та туғуруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади.

2021 йил 1 сентябргача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга республика миқёсида тиббий хизматларни кўрсатиш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этишга мўлжалланган ягона қисқа рақамли бепул “тезкор алоқа” йўлга қўйилади.

  1. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ–5202-сон, 29.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Нукус шаҳрида “Ёш олимлар академияси” ҳамда ёш олимлар, стартап лойиҳалар эгалари, тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ёшлар технопарки ташкил этилади.

Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳузурида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази очилади.

Йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари электрон хариталаниб, маълумотлар базаси яратилади.

Шахсларнинг юзи бўйича аниқлаш технологияси жорий этилади.

Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиб автоном ичимлик шўр сувни тузсизлантириш технологияси ишлаб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикасида 2,5 минг гектар майдонда пахта, ғалла, кунжут, маккажўхори ва чорва озуқаси экинларини суғоришда ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилади.

Синов лабораториялари модернизация қилиниб (озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат), намуналарни лабораторияга етказиш бўйича логистика хизмати йўлга қўйилади.

Шунингдек, шўрланган тупроқлар балл бонитетини аниқлаш мақсадида олий таълим муассасалараро комплекс биокимёвий таҳлил маркази ташкил этилади.

  1. “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5203-сон, 30.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан республикадаги барча олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Бунда:

  • тижорат банклари таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратади;
  • таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;
  • таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;

 

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилди.

Жамғармага 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағлар ажратилади.

  1. “Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5204-сон, 30.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йилнинг август ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:

  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган фарзандларига;
  • ногиронлиги бўлган 18 ёшга тўлмаган болаларга.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари – “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари сонидан келиб чиқиб, тўлов ведомостларини шакллантиради ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари орқали уларга моддий ёрдам пулларининг жорий йил 25 августга қадар манзилли етказилишини таъминлайди.

  1. “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5200-сон, 28.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 48 та туман узум етиштиришга ихтисослаштирилади.

Ихтисослашган туманлардаги 156 минг гектар майдонда (шу жумладан 2021 йилда 50 минг гектар) узумзорлар барпо этилиб, уларни истеъмолчига етказишга қадар узлуксиз тизим яратилади.

2021 йил 1 августдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар) токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш учун очиқ танлов асосида 30 йил муддатга ижарага берилади.

Очиқ танловга ер участкалари деҳқон хўжаликлари ташкил этган ҳолда токзорлар барпо этиш учун – 0,06 – 1 гектар ўлчамларда, яхлит контурда йирик токзорлар барпо этиш учун 1 – 30 гектар ўлчамларда чиқарилади.

2021 йил 1 сентябрдан:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда юридик шахс мақомига эга бўлмаган, узумчиликни ривожлантириш бўйича доимий лойиҳа офислари ташкил этилади;
  • аҳоли томорқаларида, маҳаллаларда узум етиштиришни кенгайтиришнинг янги механизми жорий этилади;
  • узум етиштириш, уни қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади.

2022 йилдан ҳар икки йилда бир маротаба узумчилик йўналишида “энг яхши узум нави”, “энг яхши интенсив токзор”, “энг яхши маҳаллий узум нави”, “энг яхши вино маҳсулоти” каби номинацияларда ўтказиладиган республика кўрик танлови таъсис этилади.

2022 йил 1 январдан маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланади.

Шунингдек, 2021 йил якунигача Жиззах давлат университети ҳамда Фарғона давлат университетида узумчилик ва виночилик ривожланган хорижий давлатлар ОТМлари билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этилади.

  1. Ҳукумат қарори (464-сон, 27.07.2021 й.) билан Нотариат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан назорат қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, нотариусларнинг нотариат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши устидан назорат қилиш қуйидаги текширишлар орқали амалга оширилади:

  • режали текшириш – адлия органлари томонидан тасдиқланган йиллик (чораклик) иш режасига киритилган ва ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган назорат шакли;
  • қисқа муддатли текшириш – нотариуслар фаолияти адлия органи томонидан рейд (ҳар йили камида бир марта), “сирли мижоз” ҳамда хизмат текшируви тарзида амалга ошириладиган назорат шакли;
  • камерал текшириш – адлия органлари томонидан ўзи жойлашган манзил бўйича нотариусларнинг нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда қонунчиликка риоя этилишини “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидаги маълумотлар ҳамда адлия органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш орқали амалга ошириладиган назорат шакли.

Нотариус иш фаолиятини дастлабки текшириш у иш бошлаганидан бир йил ўтгандан сўнг амалга оширилади.

Режали текшириш муддати бир нотариус фаолиятини ўрганиш учун 5 иш кунидан ошмаслиги шарт.

Рейд тадбири адлия органи раҳбарининг буйруғига асосан амалга оширилиб, уни ўтказиш муддати 1 иш куни этиб белгиланади.

“Сирли мижоз” тадбири қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

  • нотариал ҳаракатларнинг сифати ва тезкорлиги адлия органида шубҳа уйғотганда, ушбу соҳада ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганлиги ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритиш зарурати туғилганда;
  • ҳуқуқий хизмат кўрсатиш жараёнидан норозилиги ҳақидаги мурожаатлар келиб тушганда.

“Сирли мижоз” тадбирини ўтказиш учун 1 иш куни, давомли нотариал ҳаракатлар учун – ушбу ҳаракатнинг охирги кунига қадар муддат белгиланади.

Камерал текшириш адлия органи раҳбарининг буйруғи асосида амалга оширилади ва у мунтазам равишда ўтказилади.

Барча турдаги текшириш натижаси бўйича тегишли маълумотнома тузилади.

  1. “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (465-сон, 28.07.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга кўра, автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ишлари автотранспорт воситаси эгаси томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Автотранспорт орқа ойнасининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш), шунингдек, олд ойнасининг тепа қисми тусини 14 см дан кўп бўлмаган полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди.

Рухсатнома 1 йил муддатга берилади.

Ариза берувчи томонидан рухсатнома учун тўлов 10 кун муддатда амалга оширилади.

Рухсатнома аввал берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатигача қайта расмийлаштирилади.

ЯИДХП орқали рухсатномани қайта расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.

  1. Ҳукумат қарори (470-сон, 28.07.2021 й.) билан Миллий гвардия харбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Миллий гвардия харбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни ҳарбий хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида етказилган тақдирдагина қопланади.

Зарар ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиқиш учун Миллий гвардия органларида комиссиялар тузилади.

Шунга кўра, харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошлари зарар ўрнини қоплаш учун Миллий гвардия органлари раҳбарига билдирги (ариза) билан мурожаат қилади.

Зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги масала 10 кун ичида, қўшимча ҳужжатларни ўрганиш талаб этилганда эса 20 кун ичида кўриб чиқилади.

Комиссия қарори 3 кун муддатда манфаатдор шахсларга – харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилади.

Комиссия қарори қабул қилингач, Миллий гвардия органлари томонидан 10 кун муддатда манфаатдор шахсларга – харбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилган зарар қоплаб берилади.

 

Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси        Д.Худойқулова