ИЗЛАНУВЧАН КАПАЛАК

Мўъжизага бурканган оламнинг бир четида яралишдан иборат бўлган улкан ўрмоннинг бепоён чексизлиги яққол кўриниб турар эди. Ҳайбатли дарахтлар неча йиллардан буён ўсиб осмонни тўсиб қўйганди. Гўё бу ўрмоннинг изми вақтда. Фасллар орасида гоҳ яшнаб, гоҳ нобуд бўлиш билан овора-ю сарсон. Баҳор фаслининг таровати туфайли бутун ўрмон гўзалликка бурканди. Қийғос очилган гулларнинг биридаги нафис, нозик капалак тезроқ учиш учун интилар эди. Тезроқ юксакликка парвоз қилиш учун йиллар давомида орттирилган ҳаёт тажрибаси ва мустаҳкам қанот кераклигини бу мўъжазгина мавжудот билмасди.
Капалак бор кучини тўплаб, ҳолдан тойгунча ҳаракат қиларди, аммо бунинг уддасидан чиқиши амри маҳолдек туюлди. Қанча азоб ва уқубат билан учиб осмонни тўсган юксакликдаги дарахт шохига қўнди. Чарчаб уйқуга кетди. Уйқусида туш кўрди. Ўша туғилган жойи, қийғос очилган гулларнинг бағрида ўтган бахтиёр кунлари, нозик қанотлари билан юксакликка интилаётиб ўзига бахт излаётгани тушига кирди. Уйқудан уйғониб, аввал қанотларига қаради. Заиф қанотлари кучга тўлганини сезди. Улкан дарахт устида туриб ўйлади. Мен орзу қилган ўша бахт туғилган жойим, ўша гулнинг бағридами ёки ўзимча бахт деб билган само бағридаги юксакликдами, – дея савол берди ўзига-ўзи. Аслини олганда иккиси ҳам тўғри. Қай бирини танлаш капалакнинг ўзига боғлиқ. Энг асосийси бахтга эришишда.
Нилуфар ЧОРИЕВА,
50-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси