Янги давр фалсафаси

Бугун биз янгиланаётган Ўзбекистонда, давлатимиз раҳбарининг янги инсонпарвар сиёсати билан дунёнинг янги-янги кенгликларига интилиб яшамоқдамиз. Дунё нигоҳи бугун Ўзбекистонга қаратилган десак, муболаға бўлмайди. Яқинда Самарқанд ва Қўқонда ўтказилган халқаро тадбирлар буни яққол исботлади. Шу маънода мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши янги тарихимизнинг ёрқин саҳифаларидан бири бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар, мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам яқол намоён бўлмоқда. Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантирмоқда. Бундай изчил, аниқ ва конструктив ташқи сиёсатни халқаро экспертлар ва кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда. Жаҳон бўйлаб тарқалган коронавирус инфекцияси ва глобал даражадаги инқирозли хавф-хатарлар даврида ҳам Ўзбекистон мамлакатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаб, минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, 2017-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида 300 дан ортиқ шартнома, шунингдек, қарийб 75 млрд. долларга тенг шартнома ва битимлар имзоланган. Шунингдек, 2017-2020 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Марказий Осиё давлатларининг барқарорлиги ва ҳамжиҳатлиги, биринчидан, халқ фаровонлигига, иккинчидан, минтақанинг инвестицион жозибадорлигини ошириб, хорижий шерик давлатлар ва инвесторлар билан ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади. Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ўртасида шаклланган ва янада мустаҳкамланиб бораётган янги муҳит мазкур мақсадларга эришишга ҳамда ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Республика Олий Мажлиси ва халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳамда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида Марказий Осиё давлатлари билан яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилганлигини алоҳида қайд этиш лозим.
Ш. Мамадиев,
туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари