Коронавирус халақит қилолмайди: Apple март ойида янги iPhone чиқаради

Германиянинг iphone-ticker портали коронавирус тарқалиши сабабли Apple компаниясининг баҳорги тақдимотини кечиктирилиши мумкинлиги ҳақидаги сўнгги миш-мишларни рад этди. Нашрнинг таъкидлашича, янги iPhone 9 модели 31 мартда тақдим этилади, сотувлар эса 3 апрелда бошланади — ҳаммаси режа бўйича.

Apple компаниясининг ўзи душанба куни бутун дунё бўйлаб мавжуд iPhone моделларини етказиб беришда вақтинча чекловлар эълон қилди. Чунки қурилмаларни йиғадиган баъзи компаниялар коронавирус сабабли тўлиқ қувват билан ишламаяпти.

Эҳтимол, Apple янги iPhone’ни ўз вақтида чиқариш учун ҳозирги смартфонларни етказиб беришни қисқартиришга қарор қилган. Ушбу модел, арзон ечим сифатида, айниқса ривожланаётган мамлакатлар бозорларида кўп харидорга эга.

Тармоқда тарқалган суратларда кўринишича, янги маҳсулот iPhone 8’га ўхшаш бўлади — юқори ва пастки қисмида анъанавий ҳошия, Touch ID бармоқ изи сканери ва орқа томонда битта камерага эга бўлади. Дисплейнинг диагонали одатий 4,7 дюймни ташкил қилади. Смартфон 3 GB тезкор хотира билан тўлдирилган A13 чипи асосида ишлаши керак. iPhone 9’нинг ушбу версияси тахминан 399 АҚШ доллари нархида сотилади.

Аввалроқ коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашиши туфайли 24-27 февраль кунларида Барселонада ўтиши режалаштирилган мобил технологияларининг энг йирик кўргазмаси MWC бекор қилинганди.

  • Хитой ҳукумати янги коронавирус келтириб чиқарган пневмония касаллиги тарқалиши туфайли мамлакатдаги кўплаб корхоналар фаолиятини тўхтатиб қўйган. Хусусан, Хитойда ишлаб чиқариладиган автомобиллар учун қисмлар етказиб берилишида узилишлар кузатилиши маълум қилинганди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi.