Ҳар бир кунимиз ғанимат

Сабру тоқат айланг, камдан нолиманг,
Хасталик келган ҳар дамдан нолиманг,
Ҳақ ато айлаган ғамдан нолиманг,
Агар сиз Оллоҳга шукр қилсангиз.
Аслида ҳаёт ҳикматлардан иборат. Биз буни ҳар доим ҳам англайвермаймиз. Кундалик турмуш ташвишлари, ишимиз ва касбимизга оид бўлган юмушларга ўралашиб, кўз ўнгимизда содир бўлаётган ҳикматларга эътибор бермаймиз. Ўтаётган ҳар бир кунимиз ғанимат. Дарҳақиқат инсон умрининг ҳар-бир они ғанимат. Ўтаётган ҳар-бир кунимиз, ҳар-бир дақиқамиз мозийга айланиб бораверади. Минг ҳаракат қилмайлик уни ортга қайтаришдан ожизмиз. Лекин ўтган кунларимиз ҳам бир замонлар келажак бўлганини унутмайлик. Пайғамбар соллаллоҳу алайµи васаллам бир ҳадисларида. Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил. Ўлимингдан олдин тириклигингни, бетоблигингдан олдин саломатлигингни, бандлигингдан олдин бўш вақтингни, кексаликдан олдин ёшлигингни, камбағалликдан олдин бойлигингни деб марҳамат қилдилар. Барчамиз йўқотганимиздан кейингина қадрлаб бошлаймиз. Девордаги соат чиқ-чиқ деб юриб, ҳар-бир дақиқамизни парчалаб бизларга вақтинг кетди-бахтинг кетди, кўзингни оч дегандек гўё. Инсон умри азиз ва бебаҳо неъматдир. Охирги вақтларда баъзи одамлар барча нарсадан нолийдиган, камчилик қидирадиган бўлиб қолгандек. Кимнингдир айбини топишга, ким учундир чоҳ қазишга пайт пойлаб туришадиган бўлган. Ишчи гуруҳ келганда уларга хамроҳлик қилдим. “Аёллар дафтари” га киритилган аёлларга телефон қилишиб қандай ёрдамлар олишганини сўрашди. Гўшакнинг нариги тарафидан вилоятдан келган ишчи гуруҳ аъзоси эканлигини эшитиб ҳеч қандай ёрдам олганимиз йўқ деган жавоб эшитилди. Ўша ёрдам олмадик деб жавоб берганлар туман ҳокимлигидан 4-5 мартадан моддий ёрдам олган фуқаролардир. Маҳалла раиси ўринбосари томонидан олган ёрдамлари айтилганда, гўшакдан ёрдам олдим десам яна беришса ололмай қоламан деб ўйладим дейишди. Наҳот шу даражагача етишган бўлса. Ижтимоий тармоқларда, каналларда ҳам қўйилаётган маълумотлар фақатгина обуначисини кўпайтириш ва манфаатини кўзлашдан иборат бўлиб қолмоқда. Ўз манфаатини ўйлаб инсонийлик қиёфасини ҳам унутишмоқда. Шундай тинч ва беғубор юртда яшаётганимизга шукрона айтиб яшайлик. Қўшни давлатда нотинчликдан аҳолиси қанчалик азоб чекишмоқда. Жонларини сақлаб қолиш учун бор имкониятларини ишга солишмоқда. Тинч ва осуда давлатларга ўтиш чораларини кўришмоқда. Биз яшаётган тинч ҳаётни улар орзу қилишмоқда.
Умрни ғанимат билиб, унинг ҳар-бир лаҳзасидан унумли фойдалана олаяпмизми? Ўз ишимизга астойдил киришиб меҳнат қилсак, ўз вазифамизни сидқидилдан бажарсак ўзгаларнинг ишини муҳокама қилишга, айбини топишга вақт ҳам топилмайди. Эртанги кунга ишонч, келажакдан умид қилиш ҳисси яна ҳам зиёда бўлади.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА