Юртимизда камбағалликни қисқартириш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шундай ислоҳотлардан бири сифатида кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашда кам таъминланган оилаларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида юртбошимиз томонидан «Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Ушбу фармонга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилади. Бунда, болалар нафақасини тайинлашда:
-инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;
-тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади;
-унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланади;
якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.
Жорий йилнинг 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг миқдорлари қуйидагича тартибда амалга оширилиши белгиланади:
болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
– 250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун;
-325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;
-150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;
-100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;
-кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.
Бунда, 2021 йил 1 сентябрга қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.
Жорий йилнинг 1 октябрдан бошлаб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади.
М. Қорахонов,
туман БТПЖ бўлими “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” шўъбаси мудири