Номингиз ҳамиша қалбимизда ва юрагимизда абадий қолади

Камтарин ва самимий инсон, ўз халқи ва муқаддас дини учун сидқидилдан фаолият юритган, бир қанча мурғақларга фойдаси теккан муфтий ҳазрат Усмонхон Алимов бугун орамизда йўқ. Муфтий ҳазратлари 1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилди. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда Марокаш давлатининг Қаравиййин университетида таҳсил олди.
Ҳазратнинг муқаддас динимиз асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1980-2006 йилларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий масжидида имом ноиби, имом-хатиб вазифаларида самарали фаолият олиб борди. Буюк аждодимиз Имом Бухорий абадий ором топган табаррук зиёратгоҳда олиб борилган кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларида юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намоён этди. 2000-2006 йилларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби лавозимида сидқидилдан меҳнат қилиб, катта билим ва ҳаётий тажрибасини эзгу амалларга сафарбар этди.
Усмонхон Алимов 2006 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланган эди. Ўтган давр мобайнида у республикада ижтимоий-маънавий, диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини асраш ва кенг тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ишига беқиёс ҳисса қўшгани тилга олинган. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сўнгги йилларда амалга оширилган диний соҳадаги ислоҳотлар, хусусан, янги мадраса ва масжидларнинг очилиши, Қуръон ўқитиш курсларининг ташкил қилиниши, Қуръони каримнинг араб ва ўзбек тилларида чоп этилиши, идора қошида ахборот марказининг ташкил этилиши, “Вақф” хайрия жамоат фондининг фаолиятини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари ва хорижий ҳамкорлар билан муносабатларнинг мустҳакамланиши каби хайрли ишларда муфтий ҳазратнинг хизматлари катта бўлди.
Усмонхон Алимов 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланди. Сўнгги йилларда Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади. Муфтий ҳазратга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвони берилгани, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлангани ҳам қайд этилган. Муфтий ҳазратнинг қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” асари Қуръони Карим маъноларини она тилимизда маҳорат билан акс эттирган муҳташам китобдир. Яъна шунингдек, “Имом Бухорий — муқаддислар султони”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар — келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби ўнлаб китоблари, юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эл-юртимиз ўртасида маълум ва машµурдир.
Биз Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман бўлинмаси ходимлари марҳум муфтий ҳазратлари Усмонхон Темурхон ўғли Алимов оила аъзоларига ўз таъзиямизни билдирамиз.
Ш. МАМАДИЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман бўлинмаси раҳбари