БЕФАРҚЛИК КАТТА ДУШМАН

Ўзимизни, яқинларимизни ва уй-жойларимизни ёнғин офатидан сақлаш ҳам хавфсизликнинг ажралмас бир қисмидир. Бу эса ҳамиша ва ҳамма ерда масъулиятли бўлишни талаб этади. Чунки эҳтиётсизлик ёки бошқа бирор сабаб билан келиб чиққан ёнғин оқибатида уй ёки ишхона, у ерлардаги моддий бойликлар чин маънода ёниб кулга айланиши ҳеч гапмас.
Энг ачинарлиси эса – шу ўт балоси сабабли инсонлар ҳаёти ҳам завол топиши мумкин. Ёнғинларнинг аксарияти фуқароларнинг яшаш жойларида юз бераётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, газли ёки электр иситиш асбобларидан нотўғри фойдаланиш, уларни ўз билганича тузатиш қаровсиз қолдириш бефарқлик, умуман, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кўпинча аҳоли турар жойларида учрайди. Кишиларимиз аксарият ҳолларда шу каби арзимас туюлган хавфсизлик қоидаларини билишади, аммо эътибор қилишмайди. Айримлар ҳатто кўра-била туриб қоидаларни бузишади, гўёки бу уларга тааллуқли эмасдек қарашади. Оқибатда эса ёнғин содир бўлиб, катта зарар келтириши мумкин. Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни истардик: ҳар бир шахс жамиятнинг бир бўлаги сифатида бутун халқнинг хавфсизлигини ўйлар экан, шу билан ҳаммамиз учун қайғураётган бўлади. Шундай экан, уйда, ишхонада жамоат жойларида ёнғин хавфини келтириб чиқариш мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олишга ҳаракат қилайлик.

Р. Артиқов,
туман ФВБ ФВДТ ва ФМ фаолиятини ташкиллаштириш, хавфсизлик тарғиботи бўлинмаси бошлиғи, капитан