Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб қўйилган. Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён –Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-670-сонли Қонуни қабул қилинди.
Шу қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига ўзгартириш киритилиб, эндиликда сайлов октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Қонунчиликка киритилган янги ўзгартиришга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларнинг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссияси томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланди.
Сайлов кодексининг 10-моддасида вилоят, туман шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлари томонидан сайловга камида саксон кун қолганда ўн бир-йигирма бир нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилиши белгиланган. Шунингдек, Сайлов кодексининг 20-моддасида белгиланган вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг ваколатларига ўзгартириш киритилиб, туман, шаҳар (бундан Тошкент шаҳар сайлов комиссияси мустасно) сайлов комиссиясига Сайлов кодексининг 22, 23, 31, 32, 59, 60 ва 95-моддаларида назарда тутилган округ сайлов комиссиясининг ваколатлари ҳам амалга ошириш ваколати берилган.
Сайлов кодексининг 21-моддаси 3-қисмига асосан халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан тасдиқланади. Бундан ташқари, Кодекснинг 21-моддаси 4-қисмига кўра, халқ депутатлари туман, шаҳар (бундан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши мустасно) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмаслиги белгиланди.
Сайлов кодекснинг 27-моддасида санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тузилиши назарда тутилган. Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича янги 271-модда киритилди. Ушбу кодекснинг 29-моддаси биринчи қисми “Чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади” деган жумла билан тўлдирилди. 31-моддага киритилган янги ўзгаришга кўра, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин.
Кодекснинг 32-моддасига киритилган янги иккинчи қисми билан тўлдирилиб, чет давлатларда туриб сайловда қатнашувчилар учун сайлов участкаларига сайлов бюллетенлари Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланиши ва етказиб берилиши белгилаб қўйилди.

А. ХОЛМУМИНОВ,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси
Р. ҲАМДАМОВА,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси
М. ХИДИРОВ,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди архиви мудири