Атроф-муҳит тозалиги – аҳоли саломатлиги

Ободонлаштириш ва тозалик ҳар кунлик ҳаётий эҳтиёжимизга айланмоқда. Бу хайрли ва эзгу ишлар асло мавсум танламайди.
Зеро, саранжом-саришта жойда қут-барака бўлади. Орасталик бизнинг қон-қонимизга чуқур сингиб келаётган қадриятлардан бири десак айни ҳақиқатни айтган  бўламиз. Сурхондарё вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Қумқўрғон туман филиали томонидан аҳоли, юридик ташкилотлар, хусусий секторлардаги маиший чиқиндилар йиғилиб  махсус техникаларда ташиб кетилмоқда. Бу ишга 57 нафар ишчи сафарбар этилган. 13 та маиший чиқиндиларни ташувчи техникалар мавжуд. Корхона  ходимлари тумандаги 42 та маҳалла ҳудудида хизмат кўрсатишни режалаштирган. Ҳозир 39 та маҳалладаги аҳолига хизмат кўрсатиш учун оммавий равишда шартнома тузилиб, иш бошланди. 300 дан зиёд хусусий секторлар билан  шартнома тузилди.  Йиғиб олинган маиший чиқиндилар “Давлатсой” маҳалласидаги 4 гектар майдондаги махсус палигонга олиб борилиб, тўкилаяпти. Усти кўмиб ташланмоқда.
Ўтган ойда аҳоли ва юридик ташкилотлардан 3771 тонна маиший чиқиндилар ташиб кетилди. “Тоза ҳудуд” ДУК ҳудудида аҳолининг тўлов бўйича ҳисоб-китоби амалга оширилаяпти. Мурожаатлари қабул қилиниб, жойида ўрганилаяпти ва ҳал этилмоқда.