Наргиза Абдуллаева,
Қумқўрғон туман
xусусий амалиёт
билан шуғулланувчи
нотариус
Ҳурматли юртдошлар! Авваламбор, барчангизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Биз мутлақо ўзгача, шукуҳли ва буюк тариxий воқеликнинг ҳам шоҳиди, ҳам иштирокчиси бўлиб турибмиз. Юртимизда кейинги 5 йилда амалга оширилган фавқулодда кенг кўламли ислоҳотлар сабаб бизнинг ирсиятимизда, қонимизда куч-ғайрат, шижоат, салоҳият, қудрат уйғонди ва ўзининг нималарга қодирлигини бутун дунёга намойиш эта бошлади.
Бу йил халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигини «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган бош ғоя остида нишонламоқда. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, мамлакатимизда охирги йиллар давомида асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ўзгаришларнинг улуғворлигини ҳис этиш учун узоққа бормай, айни кунларда туманимиз маркази ва барча қишлоқлардаги улкан бунёдкорлик ишларида кўриб, қалбдан ҳис этиб турибмиз. Мана шундай улуғ айёмда бутун ҳаётини озодлик учун курашга бағишлаган, бу йўлда жон фидо қилган ота-боболаримиз, мард ва жасур юртдошларимизнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз. Мустақиллик туфайли мамлакатимиз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Халқимиз ёруғ келажагини ўз қўли билан қурмоқда. Барчангизни Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман. Мана шу айёмда барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва саховатпеша, бағрикенг ва олижаноб халқимиз хизматига доим шаймиз. Бугун барчамиз нуроний оқсоқоллар, муҳтарам фахрийларимизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр тилаймиз. Мўътабар, дуогўй онахонларимизга чин юракдан фарзандлик ташаккуримизни билдирамиз. Хонадонимиз кўрки ва фариштаси бўлган мунис аёлларимиз доимо соғ-омон, бахтли-саодатли бўлсинлар! Азму шижоатли ёшларимизнинг, барча фарзандларимизнинг бахту камолини, омадини берсин! Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!