Жамият ривожига дахлдор энг муҳим қонунлардан бири янги чақириқ депутатлари муҳокамасида

2020 йил 5-6 май кунлари  Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлиснинг асосий қисмида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни янги таҳрири лойиҳасининг 2-ўқиш муҳокамалари бўлиб ўтди. Амалдаги 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун 5 бобда 35 та моддалардаги нормаларда ифодаланган бўлса ҳозирги таклиф қилинаётган янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси эса 12 боб билан ажратилган 75 моддадан  иборат. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси нафақат сон жиҳатидан балки қонунчилик нормаларидаги тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун сифатида ҳам амалдаги қонундан ижобий фарқ қилади.  Сабаби, амалдаги қонун ҳужжатига қатор нормалар ва асосан қисқа моддалардан таркиб топган ва охирги 23 йил давомида 10 мартадан ортиқ ўзгариш ва қўшимчалар киритилган. Эътиборли жойи шундаки, аксар ўзгаришлар сўнгги 3-4 йил ичида киритилган. Бу эса охирги пайтда республикамиздаги таълим-тарбия тизимига ҳамда педагог ходимлар фаолиятига нисбатан шаклланиб улгурган янгича қарашларимиз ифодасини кўрсатади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқиш муҳокамасига киритилган янги таҳрирда таклиф этилаётган қонун лойиҳасида таълим олишнинг турлари ва шакллари, таълим соҳасини тегишлича тартибда мувофиқлаштириб борувчи давлат бошқаруви органларининг аниқ ваколат ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Шунингдек, педагогик ходимлар малакасини ошириш масаласида замонавий методлар ва таълим ташкилотларидаги меҳнат жамоаларининг ижтимоий муҳофазаси (“таълим ташкилотлари” – янги ном киритилган) ҳамда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти, таълим соҳасида инновациялар ва ахборот технологияларини жорий этиш шарт-шароитлари, ёшларни таълимга қабул қилиш, хорижда ўқиш ва хорижда олинган ҳужжатни эътироф этиш билан боғлиқ долзарб ижтимоий-ҳуқуқий жараёнларга дахлдор талаблар тегишли моддаларда батафсилроқ акс этган.

Ҳозиргача янги таҳрирдаги қонун бўйича  муҳокамалар тўла якунига этгани йўқ. Аммо, ушбу қонун кўпчилигимизни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Чунки, таълим – бу ҳар бир одамнинг Инсон бўлиб камол топиши учун асос бўлиб хизмат қилувчи умуминсонийлик омилидир. Яхши таълимнинг мевасини қабул қиладиган пировард истеъмолчи – жамият деб ишонаман. Жамият ва миллат ривожига дахлдор бўлган жиддий қонун муҳокамасида янги чақириқ депутатлари ўзларининг чинакам қизғин иштиёқини номоён қилишди.  Сабаби, биз сайловчилар билан учрашганда таълим ва тарбия соҳасида тўпланиб қолган масалалар жамиятимиздаги кўплаб муаммоларнинг ўзагида ётганига гувоҳ бўлганмиз.  Депутатлар ўзларининг сайловчилари дилидан чиққан талаб-истаклари ва шунингдек жойлардаги эътирозларга сабаб бўлган ҳолатлардан келиб чиқиб янги таҳрирдаги қонунга таклиф ва мулоҳазалар беришди. Қувонарли жиҳати кўпчилик таклифлар янги қонунда инобатга олинмоқда.  Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси бўйича муҳокамлар давом этмоқда.

 

Тўлабоев Азамжон Қурбонович,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

81-Қумқўрғон сайлов округидан сайланган