Уч авлод учрашуви

Тумандаги «Тўмарис» тантаналар саройида туманимизнинг меҳнатда ўрнак кўрсатган нуроний отахон ва онахонлар, меҳнат фахрийлари ва ёшларнинг уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари З. Хидирова иштирок этди. Туман ҳокими Р. Гаппаров сўзга чиқиб йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами билан табриклаб, туман аҳлининг бундан кейинги ишларига ҳам омадлар ёр бўлишига тилакдош эканлигини маълум қилди.Тадбир давомида саҳнага ўрнатилган катта экранда туманимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, саховат тадбирларидан лавҳалар кўрсатилиб турилди.
Тарих учун ўттиз йил қисқа давр, аммо инсон учун катта вақт. Бу йиллар давомида машаққатли, шижоатли ва оғир йўллар босиб ўтилди ва бу жараён давом этмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида охирги беш йилликда ислоҳотлар шиддат билан авж олди. Иқтисодиётни эркинлаштиришда салмоқли натижаларга эришилди, очиқлик сиёсатига дадил қадам ташланди. Ўзбекистон дунёга қайта бағрини очди. Бугун қўшниларимиз, ривожланган давлатлар билан яқин дўстлигимиз мустаҳкамланди.
Тадбирда сўзга чиққан меҳнат фахрийси устоз Н. Чариев ўз сўзида нуронийлар, ёшлар ва фаоллар иштирокида бундай тадбирларнинг ташкил этилиши, раҳбарларнинг нуронийлар ва ёшларга қаратаётган эътиборининг амалдаги нишонаси эканлигини таъкидлаб ўтди. Самимий мулоқотларда тинч ва хотиржам ҳаётимиз, фаровон кунларимизга шукроналик тилга олинди. Бир пиёла чой устида давом этган тадбирда санъаткорларнинг қўшиқлари завқ-у шавқ улашди. Тадбир якунида меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.