Термиз минтақавий темир йўл узели Қумқўрғон бекати туманимиздаги обод ва кўркам манзиллардан бири. Бу ерда темир йўл воситасида йўловчиларни ва юкларни хавфсиз қабул қилиб, жўнатиш амалга оширилаяпти. Иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим тармоғидаги ишларни амалга ошириш учун 200 дан ортиқ ишчи ходимлар куни-тун хизмат қилмоқда. Улар ўз вазифаларини белгиланган жадвал асосида, тегишли тартиб-қоидаларга амал қилган ҳолда бажараяпти. Ҳозир бу темир йўл бекатида нафақат республикамиз, балки холқаро аҳамиятга ҳам эга. Чунки бу едаги пўлат излар воситасида вилоятимизга келтирилаётган ҳамда ташиб кетилаётган юклар билан чекланиб қолмай, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон Республикаларига қатновчи юк поездларини қабул қилиб, намунали ҳолда манзилларига кузатаяпти.
Яна шуниси қувончлики қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга жўнатиш яхшиланди. Деҳқонлар пиёз, сабзи, картошка, мош, тарвуз каби маҳсулотларини Қумқўрғон станциясидан вагонларга юклаб жўнатаяпти. Бу қулайликлар натижасида экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан ошди.
Қумқўрғон темир йўл вокзалидан Тошкент – Термиз, Тошкент – Сариосиё, Андижон – Термиз, Хива – Термиз йўловчи поездларининг қатнови ҳам йўлга қўйилди. Вокзалда йўловчиларга ўзлари учун керакли бўлган поездлар хизматидан фойдаланиш учун чипта сотишга шарт-шароитлар яратилган. Бу ердаги қулайликларидан нафақат туманимиз аҳолиси, балки вилоятимизнинг бошқа туманларидан ҳам йўловчилар келиб чипта харид қилаяпти. Тоза ва озода вокзал қулайликларидан фойдаланиб, темир йўл ходимлари хизматлари меҳнатидан мамнун бўлмоқда.
Н. МУҲАММАДИЕВ