Арабларда бир масал бор

Шер учта буқадан иборат тўдани топиб олибди. Биринчи буқа оқ рангли экан. Иккинчиси қизил ва учинчиси қора экан. Шер тўдага ҳужум қилди. Аммо буқалар биргаликда шерга ҳужум қилиб уни маконларидан қувиб юборишди.
Шер кетиб бу буқаларни қандай қилиб овлаш мумкинлиги ҳақида ўйлади. Улар биргаликда жуда кучли эди. Шер қизил ва қора буқаларнинг олдига бориб деди:
– Менинг сизлар билан мушкулотим йўқ. Сизлар менинг дўстимсиз. Мен фақатгина очликдан ўлмаслик учун оқ рангли буқани емоқчиман. Сизлар биласизки, мен сизни енга оламан. Аммо мен сизни эмас, оқ буқани ейишни истайман!
Қора ва қизил буқа кўп узоқ ўйлашди. Уларнинг қалбига шубҳа кирди. Улар уришмасдан мазза қилиб яшашмоқчи бўлишди. Улар: «Шернинг гапи ҳақ. Биз унга оқ буқани ейишига рухсат беришимиз лозим», деган хулосага келишди.
Шер оқ буқани овлаб бир қанча кунларини ғам чекмасдан мазза қилиб ўтказди.
Кунлар ўтиб овқат тугади. Шер яна оч қолди. Буқалар олдига бориб уларга ҳужум қилди. Аммо буқалар биргаликда ҳужум қилиб уни қайтаришди. Аммо у эски найрангини ишга солди. Қора буқанинг олдига бориб унга деди:
– Нега менга ҳужум қилдинг? Менга фақат қизил буқа керак эди.
Қора буқа деди:
– Сен оқ буқа ҳақида ҳам шундай деган эдинг.
Шер деди:
– Сенга нима қилган?! Мен истасам сиз иккингизни ҳам ўлдириб ейишим мумкинлигини биласан. Аммо мен қизил буқага ёмон кўришимни айта олмадим. Чунки олдинги иттифоқимиз бузилар эди.
Қора буқа қўрқани ва ўз роҳатини ўйлагани учун шернинг гапига қўшилди.
Эртаси куни шер қизил буқани овлади. Бир қанча кунларини роҳатда ўтказди. Аммо очлик яна қайтди. Энди у тўғри бориб қора буқага ҳужум қилди. Уни ўлдираётганида қора буқа деди:
– Оқ буқа ўлдирилиб ейилганида мени ҳам ўлдириб ейишган экан!
Шер ҳайрон қолиб ундан чангалини тортдида деди:
– Нега қизил буқа демасдан оқ буқа деяпсан?!
Қора буқа деди:
– Чунки мен ўша кунда бизни ҳимоя қиладиган асосдан воз кечган эдим. Ким бир марта воз кечса ҳар сафар воз кечар экан. Сенинг оқ буқани ейишингга рози бўлган куним ўзимни ейишингга рози бўлган эканман!
Киши аввало ўзига эҳтиёт бўлиши лозим. Қолаверса дўсти бошига тушган ҳодисадан ибрат олмоғи керак. «Бу бировнинг иши-ку», деб сароб орзуларга берилиб қачон ўзи ҳам дўстининг ҳолига тушишини кутиб ўтирмаслиги лозим.
Бирликда гап кўп!