Азалдан ўзбек халқи бор экан, хотира азиз қадр эса муқаддас бўлиб қолаверади. Дарҳақиқат, инсоннинг вофотидан сўнг хотирлаш ва ёд олиш ўзбек халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларимиздан бири бўлиб ҳисобланади.
Бугун мен хотирлаб ёдга олмоқчи бўлган инсоним, жуда машҳур бўлмасада, аммо Ўзбекистон Республикасининг келажаги учун кўплаб шогирдлар тайёрлаган, ўзининг шарафли касби билан туманда ҳамда маҳаллада чинакам ўрнак намунаси бўла олган, етти нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараб тарбиялаб, ҳаётнинг турли жабҳаларида ўз ўрнига эга бўлишига сабабчи бўлган жонкуяр, меҳрибон, ғамхўр ҳамда халқпарвар устоз – отам марҳум Бобохон Ғоппоровни ёд олмоқчиман. У киши биз фарзандлари ва шогирдлари учун чинакам ибратли инсон эди.
Отажонимнинг насиҳатомуз сўзлари ҳали-ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради. Инсон яхши яшаб, яхши ном қолдириши учун узоқ умр кўриши шарт эмас, фақатгина шу умрни мазмунли яшаса бас,-дерди. Бу сўзлар қанчалик рост эканлигини ана энди англаб етаяпман десам муболаға бўлмайди. Отажоним олтмиш йил умр кечирган бўлсада, шу умри давомида қанчадан-қанча шогирдларни ҳамда Ватан равнақига ҳисса қўшадиган, элим деб, юртим деб ёниб яшайдиган фарзандларни тарбиялаб вояга етказди.
У кишининг бир катта орзуси бор эди. У ҳам бўлса маҳалла болалари учун “Футбол майдончаси” қуриб бериш эди. Бу билан отам маҳалла болалари бўш вақтларида жисмоний ҳордиқ чиқариб, вақтларини мазмунли ўтказишларини хоҳлар эди.Бу савобли амали армонга айланмади. У кишининг вофотидан сўнг фарзандлари Мунчоқтепа маҳалласидан мўъжазгина “Футбол майдонча” сини барпо қилишди. Ҳозирда майдонча маҳалла болаларига хизмат кўрсатмоқда. Маҳалла фуқаролари тун-у кун отамнинг ҳаққига дуодалар.
Бугун мен отамни хотирлаб эсга олар эканман, бу дунёда қилган яхши амаллари, у дунёда ўзига жаннат эшикларини очишини тилаб қоламан…
Кеча тонг чоғида бир туш кўрибман,
Тушумда зиёрат қилиб юрибман.
Эшикнинг ёнида оппоқ либосда,
Отажоним пайдо, бўлди бир пасда.
Келақолинг менинг азиз болам дер,
Фарзандларимсизлар гулу-лолам дер,
Қўлларимдан аста тутиб шу замон,
Юринг зиёратни бошланг мен томон.
“Менман сизнинг азиз отажонингиз,
Соғиниб ҳам кутган қадрдонингиз.
Йўлингиз ҳамиша ёритсин нурлар,
Бошингиз узра кўп ёғилсин дурлар.
Билсангиз мен доим сизни кутаман,
Эсламай қўйсангиз зардоб ютаман.
Соғиниб келинг сиз ҳар йил баҳорда,
Дуолар ўқинг сиз ҳар тонг наҳорда.
Қаранг энди келди мен кутган кунлар,
Ҳар бир фарзандимнинг пойида гуллар.
Ҳатто кичик набирам жажжи Шоҳжаҳон,
Мен учун тиловат қиляпди ҳар он.
Энди бу дунёдан армоним йўқдир,
Онангиздан, сиздан кўнглим ҳам тўқдир.
Демак кечирибман мазмунли ҳаёт,
Ёдингизда яшай мангу-барҳаёт.
Уйғониб тушумни сувларга айтдим,
Сўнгра тез боғимиз томонга қайтдим.
Боғимдан энг сара гуллардан олиб
Хотирлаб келай бугун отамни бориб.
Дилфуза Гаппарова,
тумандаги 4-сон МТТ тарбиячиси