Бўғим нега шақиллайди

Ҳа, ҳақиқатда киши ҳаракат қилганда бўғимлар шиқиллаши мумкин, бунинг сабаблари турлича. Одатда суяк бир-бирига бириккан, бўғим тоғайсимон силлиқ парда билан қопланган бўлади.
Бўғим орасидаги унча суюқ бўлмаган ўзига хос ёғсимон модда бўғим устига сурилиб, худди ғилдиракнинг ёғига ўхшаб уни мойлаб туради. Натижада бўғимдаги бирлашган суяклар силлиққина сурилиб, овоз чиқармай ишлайди.
Одамнинг ёши катталашган сари моддалар алмашинуви анча секинлашиб боради. Кўпчилик кишиларда қирқ ёшдан сўнг, айниқса, эллик-олтмиш ёшдан кейин бўғим усти тоғайсимон пардаси бўғимнинг қимирлашига нисбатан мослашиш хусусиятини йўқотиб боради, бинобарин бўғим ўртасида бўладиган ёғсимон модда қуюқлашиб, кимёвий таъсири ҳам ўзгаради. Натижада бўғим усти қуриб, ҳаракат вақтида шиқиллайдиган бўлиб қолади.
Бўғим шиқилласаю, лекин оғриқ бермаса, фақат бошни қимирлатганда бўғин қисмида ёки қўл-оёқ бўғимларида шунга ўхшаш ҳоллар бўлса даволанишга ҳожат йўқ. Агар бўғимда оғриқ, шиш бўлса ва бўғим оғригани туфайли ҳаракат анча чегараланса, мутахассис врачга бориб, ўзини кўрсатиб, текширтириш лозим.
Оғриган бўғимга иссиқ қилиш (парафин, озокерит, балчиқ қўйиш), силаш кабилар бўғимда қон айланишини, моддалар алмашинувини яхшилайди.Шифокор маслаҳати билан ана шундай физиотерапевтик муолажаларни вақти-вақтида ўтказиш яхши натижа беради.

«40 саволга 40 жавоб» китобидан