Аждодларимиз жасорати ва матонати – фидойилик

Буюк аждодларга макон бу диёр,
Ҳар бирин номидан дилда ифтихор,
Бахтиёр авлодлар дегай миннатдор,
Хотира абадий, қадр – муқаддас.
Мангу олов гўё юракдаги шам,
Ким ватан демишдир, номи муҳтарам,
Халқ мард ўғлонларин унутмас бир дам,
Хотира абадий, қадр – муқаддас.
Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.
Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.
9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.
Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлаймиз. Дарҳақиқат, Мустақил давлатнинг байрамлари ҳам халқ табиати ва анъаналарига мос бўлиши керак. Чунки ҳар бир халқ қандай яшаши, нимани қадрлаши, қайси саналарни тантана қилишини ўзи ҳал этади. Бунда ўз тарихидан келиб чиқади, бугунини ўйлайди ва келажагини кўзда тутади.
Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.
Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жон фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас.Туманимизда ҳам иккинчи жаҳон урушида  ўз жонини фидо қилишга  тайёр бўлиб, жанг майдонларида курашган тўрт нафар  қаҳрамонимиз  истиқомат қилади.  Хотира ва  қадрлаш куни олдидан  қаҳрамон отахонларимизнинг жанг майдонларидаги ўтмиш  хотиралари ҳақида суҳбатлашдик:
“Пахтаобод” маҳалласида яшовчи Чориев Абдураҳмон бобо оловли жанг майдонларини қуйидагича хотирлайди:
 -Иккита  амаки акамдан бирин-кетин қора хат келди. Отамни  ҳарбий комиссариатдан келиб энди ўзинг урушга борасан деб, қаршилик кўрсатишига қарамай уриб, дўппослаб кетди. Шунда ғурурим, орим кучлилик қилиб, эртаси куни эрталаб ҳарбий комиссариатга бориб ёшим етмаса ҳам мен урушга бораман деб, 17 ёшимда  Бухоро шаҳрига тайёргарлик кўришга юборилганман. Кейин Андижон шаҳрига бориб тайёргарлик кўрдик. Шундан сўнг биз Ленинград, Калининград ҳамда Волгаград шаҳарларини озод қилишда қатнашдик, дейди- Абдураµмон бобо. 1943 йил декабрь ойида душман томонидан қилинган ҳужум оқибатида танкнинг ёнида ёниб кетиб, тиббий муассасада даволаниб, 1944 йилнинг февраль ойида яна жанг майдонига қайтган. 1944 йилнинг ноябрь ойида жангда яна ўқ тегиб жароҳат олади. Жонининг азоб чекишига қарамасдан Ватанимиз тинчлигини ҳимоя қилиш учун жанг майдонини тарк этмайди. Душмандан яшириниб изғирин кунларда ҳам сув кечиб аёллар полкига озиқ-овқат ташийди. Ватанимиз бундай мард ва жасур ҳимоячиларини доим эъзозлайди. Жанг майдонидан қайтиб  5 нафар  фарзандни тарбия қилиб, юртга муносиб қилиб вояга етказади. Ҳозирги кунда 15 нафар набиранинг ҳамда 25 нафар  чеваранинг суюкли бобосидир. Жажжи набиралари қаҳрамон бобоси билан фахрланиб гапиришади. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи бўлган кишилар тобора камайиб бормокда. Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. Фашизм устидан қозонилган ғалабага бу йил 75 йил тўлди. Ана шу воқеалар, кечган оғир кунлар ёди, бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали ҳамон ўчгани йўқ.
“Саховат” маҳалласида яшовчи  Қодиров Зокир бобо урушнинг аччиқ хотираларини  чуқур изтироб билан баён этди:
17 ёшимда ҳали ҳаётнинг паст – баландини англашга улгурмасимдан қўлимга қурол олиб, душман аскарларини жанг майдонларида отишга мажбур бўлганман. 2-Беларуссия фронтида хизмат қилдим.  Гомель, Вобройский, Минск, Польша шаҳарларини озод қилишда қатнашдим. Жанг майдонида пулемётчи бўлдим, 250 дона ўқ жой бўларди. Шу ўқларнинг барчасини бир дақиқада отардим. Кўплаб душман аскарлари отган ўқларимдан жанг майдонида яраланган, вафот этган. 1944 йил февраль ойида ўзим ҳам қўлимдан яраланиб, нерв томирларимга шикаст етди, ўнг қўлим билан қуролни ушлай олмай қолдим, уйга қайтишга мажбур бўлганман.
Ҳозирги вақтда Зокир бобонинг 7 нафар фарзанди бўлиб, 30 дан ортиқ невара ва 20 дан ортиқ чевараларнинг севимли бобожонисига айланган.    Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.
Бугун ҳеч кимга сир эмас: миллион-миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини, бу дунёда ҳеч ким унутмайди. Ва фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси одам яна ва яна бир бор англаши, қалбидан ўтказиши табиийдир.
Ўзбекистонда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашганининг ўзи, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб, ягона душманимизга қарши чиққанидан далолат беради- дейди “Меҳробод” маҳалласида яшовчи  Икром бобо Аҳмедов.
Қарийиб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанча-қанча аёллар бева, болалар етим бўлиб қолганини, ҳар қайси оила ҳали-бери эсидан чиқармайди. Бошқача қилиб айтганда, юртимизда бирорта хонадон йўқки, мана шу мудҳиш урушнинг жабрини ўз бошидан ўтказмаган бўлса.
Халқимиз айни шундай оғир вазиятда кунни – кун, тунни – тун демасдан, машаққатли меҳнат қилиб, фронт учун, ғалаба учун муносиб ҳисса қўшгани ҳеч эсимиздан чиқмайди.
 Мен ҳам ватаним тупроғини душманлардан ҳимоя қилиш мақсадида 1942 йилда жанг майдонига кирдим. Сталинград, Украина шаҳарларини озод қилишда қатнашдим. Тунлари изғирин совуқда ҳам жанг қилишдан тўхтамаганмиз. Қорларнинг устида, ёмғирларда ҳам ухлашга мажбур эдик. Уруш тугагандан кейин ҳам яна қўшимча бир йил хизматга олиб қолган, 1946 йилда уйга қайтиб келганман- деб хотирлади Икром бобо.
Дарҳақиқат, урушнинг совуқ ва қаҳратон кечинмаларини фақатгина жанг майдонларида қатнашган қаҳрамонларимиздек, ҳеч биримиз ҳис қила олмаймиз. Уларнинг айтиб берган кечинмалари барчамизга  оддий бир ҳикоядек туюлади. Аммо, ўша ҳикоянинг даҳшатли воқеалар ривожи ўз-ўзидан баён этилиб қолмаган.
Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни эл-юртимиз қабул қилгани, охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларнинг барчасини ўз бағрига олиб, нафақат бошпана бергани, ўз қалбини очиб, меҳр-мурувват кўрсатганини унутиб бўладими?
Ҳар қайси халқнинг одамийлиги ва маънавий қадриятлари, меҳр-оқибат ва олижаноблиги ана шундай унутилмас дамларда яққол намоён бўлади, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Бизнинг ота-боболаримиз бешафқат жанг майдонларида мардлик ва матонат кўрсатгани учун уларнинг 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, минг-минглаб юртдошларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани – буларнинг барчасини халқимизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган жасорати ва ботирлигининг амалий намойиши деб биламиз.
Бунинг яққол ифодасини пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг марказида ва жойларда барпо этилган Хотира майдонлари айни шу кунларда урушдан қайтмаганларни эслаш, уларнинг хотираси, арвоҳлари олдида бош эгиш учун келган ёш-у қарилар, аҳолимиз ва чет эллик меҳмонлар билан гавжум бўлганида кўриш, кузатиш мумкин.
Бу ҳақда сўз юритганда, энг аввало, бизнинг эътиборимиз марказида турган энг шарафли вазифамиз – урушда қатнашган, бугун сафимизда бўлган, ҳар қадамда бизни қўллаб-қувватлаб келаётган фахрийларимизни  алоҳида таъкидлашимиз керак.
Ўйлайманки, ҳаммамиз яхши биламиз – биз яшаётган ҳаёт – бу оқар дарё, дейди халқимиз. Яъни, бошқача айтганда, бу дунё ғанимат эканини эсимиздан чиқармасдан, бешафқат урушда қатнашган, фронт ортида ўзини аямасдан меҳнат қилган ватандошларимизни қадрлаш, эъзозлаш, умрини узайтириш, уларни эслаб, ҳолидан хабар олиш, руҳини кўтариш – бундай эзгу ишлар барчамизнинг энг олижаноб бурчимиз бўлиши шарт.
“Мунчоқтепа”  маҳалласида истиқомат қилувчи  Мусаев Ҳайит бобо, 1942 йил май ойида кўп қатори армия сафига чақирилди. -Поездда, Касбий денгизида пароходда юриб 1942 йил 12 июнда Болошов шаҳрига бориб, 2 ой саккиз кун машқ қилдик. 1942 йил 20 август куни кечаси тревога бўлди. Шу кечаси пиёда йўлга тушиб,  ўн олти кун кечаси ва кундузи йўл босиб, Сталинград шаҳрига келдик.  Саккизинчи сентябрь куни жангга кирдик. Сталинград шаҳрига немислар 17 июлда бостириб келган. Икки юз кун жанг бўлди. Менга шу жангнинг 91 кунида  8 декабрда оғзимдан ўқ кириб, елкамдан чиқиб кетган. Мен шу жанг майдонида ҳушимдан кетиб, қолиб кетганман. Тирик қолган жангчилар ҳужжатларимни олиб, штаб раҳбарларига топширган. Полкда мени ўлган ҳисоблаб, уйимга “Қора хат” юборишган.
Ўзи тирик, аммо қорахат келган  қаҳрамонимиз кечинмалари
 Жанг бўлган  майдон холи бўлгандан кейин санитарлар ярадорларга ёрдам бериш учун, сапёрлар ўлганларни кўмиш учун жанг майдонига чиққан. Сапёрлар мени ўлган деб ўйлаб, кўмиш учун бомба ҳосил қилган чуқурлардан бирига олиб келаётганида юрагимнинг ураётганини сезиб қолади ва санитарларга хабар беради. Санитарлар кўргандан кейин, мени аравада санчастга юборишади.   Шу жароҳат туфайли Камишин, Саратов ва Челябинск шаҳарларида 6 ой даволандим -дейди Ҳайит бобо.   Жароҳат излари битмаса ҳам юрагида шижоат билан яна қайта курашга кирган қаҳрамонимиз ҳаёти ибратга бойдир.  Иккинчи марта ҳам  Днепр, Крименчук ва Кривойрог шаҳарларини озод этишда қатнашиб, бошидан яраланади, 4 ой  Украинада даволанади.  Белоруссиянинг Гомель шаҳрини озод қилишда қатнашиб, учинчи марта  оёғидан яраланади. Олган жароҳати туфайли Брянск, Тамбов ва Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳарларида  даволаниб, комиссия 1 гуруҳ ногирони деб, 1944 йил уйига қайтаради. Кези келганда арзимас оғриқларга ҳам чидай олмаймиз, бироқ,  уруш вақтида жонлари азобда қолса ҳам, ватанимизни душманлар қўлида қолдирмаслик учун, қаҳрамон отахонларимиз ўз жонларини гаровга қўйиб, жанг қилишган.
Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, эл-у юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.
Зеро, хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.
Сени десам юрагимда  очилар гуллар,
Ёмғир бўлиб самолардан  сочилар гуллар,
Саҳролардан, дарёлардан сочилар  гуллар,
Юрагимнинг гулисан сен, гуллаган Ватан!
      Райҳон МЕНГЗИЯЕВА