Бугунги кунда “Hududgazta‘minot” АЖ томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларида “ақлли” ҳисоблагичларни босқичма-босқич ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу каби ишларнинг олиб борилиши Сурхондарё вилоятида ҳам самарали йўлга қўйилган. “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали томонидан аҳоли хонадонларига мазкур ҳисоблагичларнинг ўрнатилишида барча куч ва воситалар жалб қилинган. 2020-2021 йилларда жами 107 833 дона электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатиш белгиланиб, ҳозирда жами 56 772 дона (53%) электрон газ ҳисоблаш ускуналари (ЭГҲУ), 23 858 дона ҳимоя қутилари ва 9530 дона газ босими ростлагич (регулятор)лари етказиб берилди.
“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали тасарруфидаги 16 та туман ва шаҳар газ таъминоти бўлимлари томонидан шу йилнинг 23 июль ҳолатига 56 772 дона “ақлли” газ ҳисоблагич аҳоли хонадонларига ўрнатилди, 54 680 дона газ ҳисоблагич кўрсаткичлари онлайн биллинг дастурига уланди. Шу йилнинг 1 декабрь кунига қадар 51 061 дона газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, берилган топшириқлар ижросини тезкорлик билан амалга ошириш ва истеъмолчиларни замонавий электрон газ ҳисоблагичлари билан кенг қамровли таъминлаш мақсадида “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиалига 115 нафар малакали пайвандчи ва чилангарлар шартнома асосида ишга қабул қилинди. Бу эса ўз навбатида 115 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, ишлар самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
“Ақлли” ҳисоблагич ўрнатилса, ортиқча сарф ёки қарздорлик бўлмайди сабаби, ҳисоблагичда алоҳида сим карта ўрнатилган бўлиб, истеъмолчи ҳисоб рақамида тўлов маблағи кам қолганда унинг телефонига огоҳлантирувчи СМС хабар келади. Тўлов амалга оширилмагач, тизим автомат тарзда ўчади. Яна бир афзаллиги, фақат иш кунлари тизим ўчирилади, ҳароратга қараб газ ўтказади, саккиз йилда бир марта қиёслов кўригидан ўтказилади.
Муҳими, маълумотлар 90 кун мобайнида сақланади, электрон тизим бўлгани боис, фойдаланилган газ ҳисобини ортга қайтариб бўлмайди, мабодо қурилмага тегинилса, тизим автомат равишда ўчирилади. Бу ўз-ўзидан табиий газдан ўғринча фойдаланишга йўл қўймайди.
Ҳисоблагични хавфсиз сақлаш учун алоҳида қути ҳам ўрнатиляпти. Биллинг тизимига киритилган барча истеъмолчиларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “O‘sten” русумли газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Дарвоқе, тармоққа янгитдан уланган истеъмолчилар газ ҳисоблагични ўз маблағига, яъни қурилманинг газ ўтказиш ҳажмига қараб 1,2 миллион сўмдан 1,7 миллион сўмгача сотиб олишлари мумкин.
Муҳими, ўрнатилаётган қурилма истеъмолчилар сарсонгарчилигининг олдини олади. Яъни, фойдаланилган газ тўловини амалга ошириш учун газ идорасига боришга ҳожат йўқ. Электрон ўтказмалар орқали маблағни уйда туриб амалга ошириш мумкин.
Бепул ўрнатилаётган электрон газ ҳисоблагичлар шу йилнинг 1 ноябрь санасигача барча шаҳар ва туманларида яшовчи аҳоли хонадонларига ўрнатилиши белгиланган.
“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали матбуот хизмати