Эрта турмуш ва унинг салбий оқибатларининг олдини олайлик!

Одам бахтлиман дейишга қанчалик ҳаққи бор? Агар оиланг билан сен бахтли бўлсанг, бахтлиман дейишга ҳаққинг бор. Фақат оилам эмас, халқим бахтли бўлса, мен ўзимни бахтли деб биламан.
Ш. Мирзиёев
Давлатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, шунингдек, унинг нуфузини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзандни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳақиқатан ҳам, оила келажак авлодга кучли таъсир этувчи чинакам тарбия масканидир. Шу боис ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, айниқса уларнинг оила қуришларига жиддий эътибор қаратиш барчадан катта масъулият талаб этади. Айтиш жоизки, бугунги кунда ҳам қариндошлар ўртасида никоҳ шунингдек, қизларни эрта узатиш ҳолатлари кузатилаётганлиги ва бу салбий оқибатларга олиб келаётган ушбу масалага янада теранроқ назар ташлаш, янада масъулиятлироқ ёндашиш лозимлигини кўрсатади. Мамлакатимизда бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилганлигини айтиб ўтиш ўринли. Эрта оила қурган шахслар, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим ва диний муассаса ходимлари жавобгарликка тортилмоқда.
Оила муқаддас даргоҳ, соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим ва бетакрордир. Аёл борки, олам мунаввар. У меҳрибон уй бекаси, хонадон чароғбони бўлиш билан бир қаторда келажагимиз бўлмиш ёш авлодни дунёга келтирувчи она ҳамдир. Унинг саломатлиги жамиятда соғлом муҳитнинг яратилишида асосий омил ҳисобланади. Шу боисдан ҳам оила ва жамиятда репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялашга муҳим жиҳат деб қаралмоқда.
Халқимиз азалдан қизлар тарбиясига алоҳида эътибор билан ёндашган. Бугунги кунда ҳам қиз болаларни ҳар жиҳатдан етук, соғлом ва баркамол этиб вояга етказишга муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Шу сабабли ҳам болалар ва ўсмирлар спорти, айниқса, қишлоқ жойларида спортни ривожлантиришга катта аҳамият билан қаралмоқда.
Қизларнинг оиладаги ўрни улуғ ва аҳамиятли. Сабаби аёл суюкли ёр, меҳрибон она. Шунинг учун ҳам қизларни эрта турмушга бермасдан уларни илм олишга, ҳунар ўргатишга, урф-одатларимизни, қиз болага мос бўлган миллий қадриятларимизни ўргатишимиз лозим.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ҳам мустаҳкам оила барпо этишдир. Чунки, ватан оиладан бошланади.
Ш. Мамадиев,
туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари