Хонадонларимизнинг файз-у фариштаси бўлган нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, қўлимиздан келганча умрларини узайтириш асрлар давомида энг улуғ қадриятларимиздан бири бўлиб келмоқда. Дарҳақиқат, халқимизда «Қариси бор уйнинг париси бор» деган нақл бекорга айтилмаган. Ҳар бир хонадоннинг кекса ёшли отахону онахонлари бўлса, Ўша уйда бутунлик, бағрикенглик, тарбия, ахлоқ-одоб ҳукм суради. Шунингдек, кексалар уйимизнинг кўрки, беминнат дуогўйимиз, панд-насиҳатлари, тажрибаю маслаҳатлари билан тўғри йўл кўрсатувчи йўлчи юлдуздир.
Туманимиздаги Жийдали маҳалласида ҳаётий бой тажрибаси ва кенг мушоҳадаси билан ёшларга ўрнак бўлаётган пиру бадавлат оилалар бисёр. Улардан бири Беккам ая Музаффарова хонадонидир. Беккам ая 45 йиллик иш фаолиятлари даврида ёш авлодга таълим-тарбия бериб ҳозирда неваралар қуршовида кексалик гаштини сурмоқда. 7 нафар фарзандни оқ-ювиб таради. 25 нафар набиранинг ҳамда 10 нафар чеваранинг севимли бувижонисига айланган.
Яқинда бу хонадонда 15 сотих ерга узумзор боғ барпо этдилар. Ниҳолларнинг бўй чўзиб гуркираб ўсаётганини кўриб кўзингиз қувнайди. Узумнинг қора чарос, келин бармоқ, Ризамат ота, Ҳусайн навларини парвариш қилмоқда. Ҳосилидан 10 миллион сўмгача даромад олиб, оиласининг фаровонлиги йўлида ҳисса қўшмоқда. Меҳнат билан орттирилган бойликда барака бўлар деб бежизга айтишмаган. Эрта тонгдан турган онахонни фарзандлари узумзорлар орасида учратишади. 75 ёшни қарши олишига қарамасдан меҳнат қилишдан чарчамаган қаҳрамонимиз боғида мевали дарахтларни, ҳовлисида гулларни ҳам парвалишламоқда.
– Кимгадир қўлинг билан, кимгадир илминг билан, яна бировга касбинг билан ёрдам беришнинг гашти бор. Ток ниҳоллари униб ўсса, маҳалла аҳли, қўни-қўшнилар мевасидан баҳраманд бўлишса мендан бахтиёр инсон йўқ, – дейдилар қувонч билан онахон.
Беккам ая умри давомида қилган меҳнатлари инобатга олиниб 2020 йилда «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди. Фарзандлари ва набиралари юртимизнинг равнақи йўлида турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда.
Онахон яхшилик йўлида чарчаш нималигини билмайди. Кун бўйи эл дарди билан халқ орасида. Чунки аяжонимиз тотувлик ва ободликнинг калитини ҳаракат ва ўзаро меҳр-оқибатда, деб билади.
Хонадонларга кириб борар эканман, уларнинг қўл очиб юртимизда тинчлик ҳукм суришини, халқимиз соғ-саломат бўлишини, юртбошимизнинг бошлари омон бўлиб, умрлари узоқ бўлиб юришларини, юртимиздан бало-ю офатлар йироқ бўлишини истаб дуо-ю фотиҳаларини эшитиш одамни қанчалик қувонтиради. Уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, бизларни кўргани келибсиз, сизларни Оллоҳим қўлласин, дея фотиҳа қилишларини эшитиб бошингиз осмонга етади.
Ҳақиқатан ҳам бир киши бошқа бировга ҳеч бир таъмасиз яхшилик қилса, албатта, бу яхшиликнинг ажру савоби унга бошқа томондан етади. Ҳеч бўлмаса ана шу яхшилигингиз туфайли сизга келиши мумкин бўлган офатдан дуолари ила халос бўласиз.
Зеро, ҳар бир яхшилик ортида улкан хазина яширин деганимизнинг ҳам пурмаъноси шундан иборатдир. Хулоса ўрнида, агар қўлимиздан келса, албатта, бир-биримизга яхшилик қилайлик! Чунки дунёни яхшилик ва эзгулик асрайди.
Салима ВАЛИЕВА,
туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари