Дилозор

Катта келин Сабоҳат тушганидан сўнг иккинчиси Олима орадан беш йил ўтиб шу хонадонга кириб келди.
Дунёнинг ишлари қизиқ экан-да. Сабоҳат ва Олима тенгдош эдилар. Табиатан ичи қора Сабоҳатга бу яхшигина дастак бўлди. Ҳар икки гапнинг бирида қайниси суюб уйланган янги тушган овсини Олимани «қариқиз» дея ҳақоратларди.
Ҳар икки гапнинг орасида институтининг талабаси бўлган овсинига «Бир кам дунё-да, ўргилай. Ҳар кимга ҳар нимадан берар экан. Биз даста – даста китоб қучоқламасак ҳам шугина ёшимизда учта фарзандни қучоқлаб ўтирибмиз, минг шукр» дея писанда қилишни унутмас эди.
Олима яхши оиланинг фарзанди эди. Овсинининг гаплари дилини қаттиқ ўйса хам янги хонадон аъзоларига сир бой бермас, билиб – билиб ишини қилар, билиб-билиб ўқишини ўқир эди.
Фарзанд билан давлатнинг эрта – кечи йўқ. Ўз вақти-соати билан Олима ҳам худди Сабоҳатга ўхшаб икки қиз ва бир ўғил кўрди.
Йиллар ўтди.
Сабоҳат ҳали ҳам дилозорлигини қўймади. Энди Олима билан тенгдош бўлса-да , барвақтгина куёвлар кўрганини оғиз кўпиртириб мақтана бошлади.
Аммо бу сафар Олиманинг дили оғримади. Ҳар доимгидек ўзи истаган, орзу қилган барча неъматларга эриштирган Аллоҳга шукр қилишни унутмади.
Аммо «Дилозордан – Худо безор» деганлари рост экан. Гарчи Олима Сабоҳатга ёмонликни ҳеч қачон раво кўрмаган бўлса- да, катта келиннинг ҳар доим мақталиб келинган оиласига биттада кўз тегди.
Сабоҳатнинг икки ака-укага қўш келин қилиб узатилган қизлари уч ой ўтмай баравар қайтиб келишди. Гарчи Сабоҳат ҳар икки куёвни – қуриб кетгур, жувонмаргларнинг «наркомань» – гиёҳванд бўлиб чиққанини ер муштлаганча қарғаб таъкидлашдан чарчамаётган бўлса- да, маҳалла-кўй тили бир қарич, аммо ҳеч бир ишда йўқ онасига қараб қизларининг нега қайтиб келганини тахмин қилиб қўяқолишди.
Ҳаёт деганлари Аллоҳнинг иродаси билан барини ўз ўрнига қўйиб қўядиган меъзон экан.
Мен буни Олиманинг қизлари ўз фарзандларини етаклаб ота уйларига келаётганларида Сабоҳатнинг қизлари уларга ҳавас билан мунғайганча дардли тикилиб кутиб олишаётганини кўрганда англадим. Ва шунда Сабоҳатнинг қизларига ҳам чин дилдан бахт тиладим. Менимча улар онасининг йиллар давомида овсинига қилган дилозорлиги учун етарлича жавобни берган эдилар…
«Катта гапиргандан кўра катта нон тишла » – ўзбек халқ мақоли.
Бу мақол сўнги сўз ўрнида эди …

Манбалар асосида
Р. Менгзияева тайёрлади