Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз хаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Чунки, бу давлат раҳбари — Президентни сайлаш билан боғлиқ ўта масъулиятли жараёндир. Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши давлат раҳбари лавозимига энг муносиб номзодни сайлаш ҳамда бу жараёнда сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови миллий сайлов амалиёти ва халқаро сайлов меъёрларига мос равишда қабул қилинган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилади.
Конституциямиздаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ қоида-талаблар муҳим аҳамиятга эга. Конституциямизнинг 10-моддасида Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкинлиги, шунингдек, жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мақоми Конституциянинг 89-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Шунингдек, Конституциянинг 90-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 боби «Сайлов тизими»га бағишланган бўлиб, мамлакатимиз сайлов тизимига оид муҳим тамойил ва нормаларни белгилайди.
Хусусан, Конституциямизнинг 117-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига ва ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлиги, шунингдек, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги кафолатланган.
Сайлов ҳуқуқи принциплари умумий сайлов ҳуқуқи, тенг сайлов ҳуқуқи, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи, яширин овоз бериш ҳуқуқларидан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Ушбу конституциявий норманинг аҳамияти шундаки, биринчидан, мамлакатимизда бўладиган сайловлар, шу жумладан, Президент сайловини ўтказиш муддатининг аниқ белгиланиши сайлов жараёни иштирокчиларининг муҳим сиёсий компанияга тайёргарлик кўриши ва самарали иштироки учун муҳим ҳисобланади, иккинчидан, давлат органларининг даврий сайловлар асосида халқ томонидан шакллантирилишини таъминлашга хизмат қилади.
У. Мамадиев,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди раиси
Ф.Хидиров,
судья