Мен Вакцина олдим сизчи?

Бир йилдан ортдики, бутун дунё, хусусан, мамлакатимиз аҳолиси “тождор душман” номли касаллик сабаб безовта. Бу жамиятимизга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Касалликдан сақланиш ўз қўлимизда. Қолаверса, уч ойдан ошиқ давом этаётган вакцинация жараёнлари юртимизда бу таъсирни камайтиришда асосий омил бўлиб турибди. Шундан келиб чиқиб, республикамизда “Мен вакцина олдим” акцияси бошланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бошланган #мен_вакцина_олдим акцияси ҳудудларда ҳам давом этяпти.
Қулбоев Алишер «Қишлоқ қурилиш банк» ходими.
ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланди. Ўз саломатлигига қанчалик эътиборли эканини кўрсатади.
-Инсон саломатлиги ҳамма нарсадан устун. Коронавирусдан қандай сақланиш ҳам ўзимизга боғлиқ. Шу сабаб мен саломатлик йўлида вакцина олдим. Бошқаларни ҳам ўз соғлиғи учун эмланишга чақираман.
«Ҳозирда туманимизда эмлаш ишлари давом этмоқда. Бугун мен ҳам вакцина олдим. Барча тумандошларимизни вакцина олишга ва бундан қўрқмасликка чақираман. Айнан ҳозир, вируснинг янги штаммлари пайдо бўлган вақтда вакцина олиш муҳим. Буни ўз соғлиғингиз учун қилинг», — дея таъкидлади Холмаматова Шаҳноза.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб вакцинация жараёни бошланган эди. Вакцинация жараёнига 65 ёшдан ошган фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимлари биринчилардан бўлиб жалб қилинди. Иккинчи босқичда ўқитувчилар, мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Республика махсус комиссия қарорига асосан 1 июлдан бошлаб 18 ёшдан ошган фуқаролар эмланиб бошланди. Вакцина олишга келган фуқаро барча текширувлардан ўтади. Эмлаш олгандан сўнг 15 минут шифокор назоратида бўлади. 3 кун мобайнида маҳалласига бириктирилган патронаж ҳамшира томонидан назоратга олинади. Ушбу кузатув жараёнлари 35-оилавий поликлиникаси «Навбаҳор» филиали умумий амалиёт шифокорлари Н. Турсунова, Ш. Ҳакимова ҳамда патронаж ҳамшираси Т. Нормуродовалар томонидан доимий назоратга олинмоқда.
Барчамизга маълумки, аҳоли орасида вакцина олгандан сўнг ҳам коронавирусга чалинаётган экан, вакцина олгандан сўнг тана ҳарорати кўтарилиб кетибди,-деган гап – сўзлар юрибди. Эмланаётган вакцина турига қараб икки марта ёки уч маротаба эмланиш ишлари олиб борилаяпди. Эмланиш жараёни охирига етмасдан, организмида антитаначалар ҳосил бўлмасидан, ҳимояланмасдан, ниқобсиз вирус юқтирган киши билан мулоқотга киришиш жараёнида коронавирусни юқтириб олишмоқда. Кейин эса билиб-билмасдан мен вакцина олганимдан сўнг коронавирус бўлдим деган фикрга келишмоқда. Вакцина олганидан сўнг тана ҳароратининг кўтарилиши, шифокор кўрсатмаларига амал қилмаслигидан келиб чиқмоқда. Эмлашдан сўнг уч кун мобайнида совуқ сувда чўмилмаслик, муздек ичимликлар ичмаслик тавсия этилади. Бироқ баъзи эмлаш олганлар иссиқда чидай олмасдан муздек ичимликлар ичишмоқда, чўмилиш ҳавзаларида чўмилишмоқда. Барчамиз шифокор айтган тавсияларга амал қилсак бу касалликни осон енгамиз, дейди кўп тармоқли марказий поликлиника бошлиғи Ж. Юсупов.
Ҳаётимизнинг мустаҳкам қўрғони бўлган соғлиғимизни асраш ўз қўлимизда. Самарасиз фикр-мулоҳазаларга эмас, мустақил қарорингизга таянинг.

Райҳон МЕНГЗИЯЕВА