Исломда ота-онага эътибор

Ҳар бир инсон мавқе, мартабаси, обрў- эътибори, миллати, ирқи, насл насаби ва динидан қатъий назар ота-онасига иззат, эҳтиром кўрсатиши, уларнинг ҳолидан хабар олиши, яхши муомалада бўлиши фарзандлик бурчидир. Чунки оила равнақи учун жон куйдирган инсон асосан отадир. Маънавий озуқа берувчи инсон эса онадир.
Оила посбони ота бўлса, муаллими она. Ислом дини ота-онага яхшилик қилишни Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги ўринга қўйган ҳамда бутун мусулмон умматига ота-онага яхшилик қилишга, уларга ҳаргиз «уф» демасликка, ота-она олдида овозини кўтармасликка ва маъсиятдан (гуноҳ) бошқа ҳар қайси ўринда уларга итоат этишга буюрган. Оллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат этади. «Роббингиз сизларга ёлғиз унинг ўзига ибодат қилмоқлигинггизни ҳамда ота-онангизга яхшилик қилишингизни амр этди.» (Исро 32)
Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадиси шарифларида «ота-онангизга яхши муомалада бўлинг шунда фарзандларингиз сизларга яхши муомалада бўлади» деганлар. Оила ривожи, шаъни, фарзандлар келажаги ва моддий таъминоти йўлида оталар ўз ёшлигини, куч-қувватини, умрини, молини, керак бўлса жонини сарф этади. Қалблари беўлчов яратилган, оёғи остида жаннат бўлган мўътабар оналар уларда меҳр ҳам, шафқат ҳам, сабр ҳам, бардош ҳам чексиз, фарзандлари учун бир тунни йигирмага бўлсаларда малолланмайдилар. Ота-она фарзандлари қилган айби учун доимо ўзларини қалқон қиладилар. Ҳамиша ҳамма вақт биз фарзандларини келишини муштоқлик билан кутади ва бизлардан бирор нарса таъма қилмайдилар. Лекин бизлар баъзан ота- онамизга овозимизни кўтариб, баъзида эса болам тез- тез келиб тургин деганларида ишимиз кўплигини баҳона қилиб уларни ранжитиб қўймаябмизми? Минг афсуслар бўлсинким бугун ораларимизда ота-онасининг дуоларини олиш ўрнига уларни ўз дийдорига зор қилаётган ёхуд қаровсиз ташлаб қўйган ёки қариялар уйига обориб ташлаётган фарзандлар ҳам йўқ эмас. Ота жаннат эшиги бўлса, остонаси Она, уларни рози қилган, кўнглини олган кишилар икки дунё бахту-саодатига эришадилар. Оллоҳ таоло барчаларимизга ота-оналаримиз розилигини олиб икки дунё саодатига эришмоқлигимизни насиб этсин.
Зокирхон ОМОНОВ,
тумандаги «Мухторхон ҳожи» жоме масжиди имом хатиби