Ёшлар кредит олишда тўсиққа учрамоқда?

Ёшларга 33 миллион сўмгача бўлган 6 ойлик имтиёзли давр билан гаровсиз кредит берилиши қонуний ҳужжатлар асосида ўз тасдиғини топган.
Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ёшларга тадбиркорлик ҳақида назарий билимлар берилиши маълум қилинди. «Ёшлар 1+1» дастури асосида 6 кун, яъни 48 соат давомида махсус курслар ташкил этилиб, курс тингловчиларига махсус сертификатлар берилиши режалаштирилмоқда. Курсларни тугатган ишсиз ёшлар 3 йил муддатга 33 миллион сўмгача бўлган 6 ойлик имтиёзли даври ва гаровсиз кредит олиш имкониятига эга бўлади.Аммо ушбу қонун ижроси туманимиздаги Микрокредит банк ходимлари томонидан бажарилмоқдами? Тумандаги “Шерозий” маҳалласида истиқомат қилувчи Н.Нурманов шлака блок ғишт ишлаб чиқариш учун тадбиркорлигини йўлга қўйиб ўзини ўзи банд қилмоқчи эди. Бироқ ушбу фуқаро томонидан март ойида қилинган мурожаат ҳанузгача ўз ечимини топмай келмоқда. Н.Нурмановнинг айтишича, банк ходимлари 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиши учун кафил топиб келишини айтишган. Май ойида иккита кафил топиб ҳужжатларни тайёрлаб борган. Микрокредитбанк томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмаган. Ёшларга ўзини ўзи банд қилишлари учун 33 миллион сўм пул маблағи ҳеч қандай гаровсиз берилиши қонун доирасида белгилаб қўйилган. Н.Нурманов тадбиркорлик йўналиши бўйича 6 кун, яъни 48 соат махсус курсларда ўқиб, микрокредит олиш учун сертификат ҳам олган. Ўз келажагини яратиш учун ҳаракат қилишаётган бир вақтда банклар томонидан муаммоларга учраши келажакка бўлган умидини сўндиради.Ёшликдаги шижоати, ишчанлик қобилияти бир зумда йўққа чиқиши аниқ. Туманимизда фаолият олиб бораётган Микрокредитбанк ходимларига ёшларга эътиборни кучайтиришларини, ёнига кўмак сўраб келишса, кўксидан итармасдан қабул қилишларини, Ёшлар келажагимиз эканликларини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Райҳон Менгзияева,
туман Кенгаши депутати