Гижжа касалликлари ёки гельминтозлар – кенг тарқалган касалликлардан бири бўлиб, уларни паразит ҳолда яшовчи қуртлар – гельминтлар қўзғатади. Ер юзида одамда гельминтларнинг 270 дан ортиқ тури аниқланган.
Ўзбекистонда одамнинг касалланишига сабаб бўладиган гельминтларнинг 10 дан ортиқ тури маълум. Улардан 4-5 тури кенг тарқалганлиги ва аҳолининг соғлигига анчагина зиён етказиши сабабли тиббиёт нуқтаи назаридан ғоятда аҳамиятлидир. Одамда гельминтлар ҳазм йўллари, жигар, ўпка, мия, кўз, қон томирлар системаси, терида ва бошқа органлар ҳамда тўқималарда жойлашади. Туманимизда кўп миқдорда гименолепидоз ва энтеробиоз касалликлари учрайди. Бундан ташқари аскаридоз касаллиги ҳам учраб туради. Гижжа касаллиги билан оғриган беморларда кўнгил айниш, қусиш, орқа чиқарув йўли ва оралиқ соҳасида қичишиш, оғиздан суюқлик оқиш, зарда бўлиш ва иштаҳанинг бузилиши кузатилади. Беморларда ингичка ичак жойлашган соҳа атрофида яъни киндик атрофида оғриқлар пайдо бўлади. Одатда оғриқ хуружи 1-2 соат давом этади. Бола инжиқ бўлиб қолади. Гижжа билан касалланган болалар жисмоний ва руҳий жиҳатдан ўз тенгқурларидан орқада қолиб кетади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-6155-сонли фармони ҳамда 2020 йил 10 ноябрдаги ПҚ-4887-сонли Қарори асосида 2 -10 ёшдаги болаларнинг соғлиғини яхшилаш ҳамда Республика ўрта таълим муассасаларидаги болалар ўртасида ичак гельминтози билан касалланишни камайтириш мақсадида (шу жумладан 7-15 ёш):
-дегельминтизация кунларини юқори даражада ўтказиш мақсадида етарли миқдорда тиббиёт ходимлари ҳамда таълим муассасаси ходимлари жалб этилди;
-мактабгача таълим ташкилотлари, умумий таълим мактаблари ҳамда маҳаллалар кесимида дегельминтизация қилинадиган болалар рўйхатлари шакллантирилди;
Дегельминтазиция кунларини ўтказишдан олдин жалб қилинган тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари ўртасида гельминтларга қарши дори воситаларини қай тартибда ичириш ва назорат қилиш бўйича семинарлар ташкил қилинди.
2021 йил 19-24 апрель кунлари 2-10 ёшдаги болаларга Альбендазол 400 мг (Ўзбекистон Республикаси СОЭ ва ЖСХ нинг 01.03.2021 йилдаги тақсимоти асосида) оммавий дегельминтизациянинг 1-тури ташкиллаштирилди ва ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, гижжа касалликлари ифлос қўл касаллиги ҳисобланади!
Шу сабабли Сизлардан доимо шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишларингизни сўраймиз. Зеро, соғлиғингиз ўз қўлингизда!
Т. Аллаяров,
Паразитология бўлими мудири