Вирусли гепатит касаллигининг «В» тури ҳақида биласизми?

Гепатит В- бу вирусли касаллик бўлиб, вирус организмга тушганда ҳаётий зарур бўлган ички органларга салбий таъсир кўрсата бошлайди. Ушбу касаллик туфайли энг кўп жигар шикастланади. Гепатит В аломатларсиз кечиши ёки аниқ белгилар билан намоён бўлиши мумкин. Сурункали босқичига ўтганда, ушбу вирусли инфекция кўпинча жигар циррози ва саратонни ривожланишига олиб келади.
Гепатит «В»нинг намоён бўлиши
Вирус беморнинг танасига кирганидан сўнг, гепатитнинг инкубация даври бошланади, бу ўртача 15 кундан 90 кунгача давом этади, лекин 6 ойгача чўзилиши мумкин.
Гепатит «В» нимаси билан хавфли
Гепатит «В» кеч босқичларда ташхис қўйилган бўлса ёки касаллик ўз вақтида даволанмаган бўлса, натижаси аниқ; жигар циррози ёки жигар саратони. Бундай тоифадаги беморлар, шунингдек, гепатит «В»нинг бошқа жиддий оқибатлари (Миокардит, артрит, артроз ва бошқа бўғим касалликлари, қон томир, буйрак касалликлари) билан ҳам тўқнашиши мумкин. Ҳозирги вақтда ушбу касалликка қарши эмлаш давлат даражасида «Миллий эмлаш» календарига киритилиб бола туғилгандан кейин биринчи суткадан режа асосида белгиланган муддатларда эмлаш олиб борилади. Шунингдек, гепатит В касаллигига қарши беморларнинг биологик материаллари билан мулоқотда бўлиши мумкин бўлган соғлиқни сақлаш ходимлари, гепатитнинг сурункали шаклидан азият чекаётган беморнинг оила аъзолари, гемодиализга муҳтож беморлар ва ихтиёрий равишда ушбу касалликка ўзларини эмлатмоқчи бўлган аҳоли пуллик асосида эмлаш олишлари мумкин.
Гепатит В қандай юқади
Гепатит В касаллиги вируси соғлом инсон организмига фақат ушбу касаллик билан касалланган беморнинг биологик материаллари билан алоқа қилиш орқали қуйидаги ҳолларда кириши мумкин:
– Қон орқали. Бу ностерил тиббий инструментлар, яъни ушбу касаллик билан оғриган беморнинг қони, биологик суюқликлари билан муолажа даврида ифлосланган (шприц, хирургик, стоматологик, гинекологик ва бошқа) инструментлардан қайта фойдаланганда;
– Вертикал йўл. Яъни ушбу касаллик вируси ташувчиси бўлган ёки ушбу касаллик билан оғриган бемор ҳомиладор аёл ҳомиладорлик даврида ҳомиласига ва туғруқ жараёнида чақалоғига биологик материаллари орқали юқтириши мумкин;
– Жинсий йўл орқали. Яъни бемор ёки вирус ташувчи аёл эрига, эри эса аёлига биологик суюқлиги орқали жароҳатланган шиллиқ пардалар орқали юқтириши мумкин.
Гепатит В касалликларининг аломатлари ва белгилари
Гепатит В билан оғриган беморларнинг кўпчиллиги узоқ вақт касалликнинг аломатлари кузатилмайди. Инсон организмига ривожланаётган гепатит В касаллигида қуйидаги белгилар кузатилиши мумкин.
– Умумий дармонсизлик, иштаҳа пасайиши, кўнгил айниши, ўнг қовурға остидаги оғирлик, иситма кўтарилиши, тери, шиллиқ қават, кўз склераларининг ҳамда пешоб, ахлат рангининг сарғайиши.
Ушбу касаллик айниқса бир қатор салбий омиллар (алкоголь, никотин, заҳарли моддалар) таъсирида иммунитети заифлашган кишиларда тез ривожланади.
Гепатит В касаллигининг профилактикаси
Гепатит В касаллигининг олдини олиш учун оддий қоидаларга риоя қилиш керак:
– кундалик шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинг;
– гепатит В касаллигига қарши вакцина қабул қилинг;
– соғлом турмуш тарзини сақлаш, пала-партиш жинсий ҳаёт кечиришдан сақланиш;
– Маникюр, гўзаллик салонларига, хусусий даволаш профилактик муассаларига ташриф буюрганда ишчилар томонидан санитария қоидалрига риоя қилишига эътибор бериш;
– Спорт билан шуғулланиш, иммунитетни кучайтириш;
Ушбу оддий инсон учун керакли қоидаларга риоя қилинганда вирусли гепатит В касаллигидан ўзимизни ҳимоя қилган бўламиз.
Э. Алимназаров,
туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази врач эпидемиологи.
Д. Кабилова,
эпидемиолог ёрдамчиси.