ҚЎЛИ ОҒИР УСТА

Туманимиз марказида инфротузилма ривожланиб, аҳоли учун кўп қулайлик яратилди. Қўшни туманларда яшаётган аҳоли ҳам туманимизга келиб савдо, хизмат кўрсатиш турлари фаолиятидан фойдаланаяпти. Шўрчи туманидаги “Офтобмакон” маҳалласида яшовчи Р. М. (исми, фамилияси ўзгартирилди) туманимиздаги “Беш қаҳрамон” маҳалласида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор Ш. С. га (исми, фамилияси ўзгартирилди) қарашли телефон созлаш устахонасида қўл телефонини таъмирлатди. Устага хизмат кўрсатгани учун 350000 сўм пул тўлади. Аксига олиб таъмирлатган қўл телефони яхши ишламади. Телефон эгаси бу йил 2 апрелда туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёрдам сўраб мурожаат этди. Вазиятни ўрганиш жараёнида устага қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Телефонни таъмирлатишда тўланган пул эгасига тўлиқ ундириб берилди.

Ю. БЕРДИМУРОДОВ,
Қумқўрғон туман ИҲҲҚЖ раис ўринбосари – Ижрочи директор

 

МУЗЛАТГИЧ ТЕЗДА ТАЪМИРЛАНДИ

Жамиятимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга кенг эътибор берилаяпти. Ўзбекистон Республикасининг истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ифодасини топган қонун асосида иш юритилиб, фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилаяпти.
Бу жамиятимиздаги қонун устуворлигига ишончни ошираяпти. Бу йил май ойида туманимиздаги “Жийдали” маҳалласида яшовчи Э. Т. (исми, фамилияси ўзгартирилди) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ишонч телефони воситасида мурожаат қилди. У туманимизда фаолият кўрсатаётган “Артел техмарт барака” хусусий корхонасига қарашли савдо дўконидан 2500000 сўмга музлатгич сотиб олганлиги, аммо бу музлатгич носоз чиққанлиги бўйича ёрдам сўради. Қумқўрғон тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари 2021 йил 1 июндаги № 24-и/ч-сонли буйруғи асосида шу масалани ўрганди. Ўрганиш жараёнида истеъмолчининг мурожаати тўғрилиги аниқланди. Хусусий корхона ходимлари Денов сервис хизмати қулайликларидан фойдаланиб музлатгични бепул таъмирлаб, истеъмолчига берди.

У. МАРДАНАҚУЛОВ,
Қумқўрғон туман ИҲҲҚЖ ҳуқуқий ҳимоя мутахассиси
Б. БЎРИЕВ,
бош ҳисобчи