ТУМАН ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР БЎЛИМИ ОГОҲЛАНТИРАДИ

Маълумки, ёз мавсумида об-ҳавонинг исиб кетиши натижасида сувда чўмилишда эҳтиёжнинг ортиши, табиий. Тўғри, оқар сувда чўмилишнинг ўзига хос завқи бор.
Афсуски, сувда чўкиб кетиш ходисалари билан боғлиқ бўлган кўнгилсиз ҳодисалар ҳам учраб турибди. Сувда чўкаётганларнинг аксарияти қўриқланмайдиган сув ҳавзаларида кузатилмоқда. Аянчли томони шундаки, сувда чўкаётганларнинг кўп қисмини болалар ташкил этаяпти. Бунинг асосий сабаблари баъзи кишиларнинг сузишни яхши билмаслиги, чўмилиш қоидаларига риоя қилмаслиги ва ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг фарзандларига эътиборсизлиги ҳамда бошқа омиллардир.
Туманимиз ҳудудларидан оқиб ўтувчи дарё ва каналларда чўмилганда чўмилиш тартиб қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Умумий таҳлилларга қараганда, чўмилиш хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик, ёш болаларнинг катталар томонидан назоратсиз қолиши, спиртли ичимликлар истемол қилиб сувга тушиши, тунги вақтларда чўмилиши, чўкаётган одамга ўз вақтида кўмак бера олмаслик, яъни қутқарув усулларидан бехабарлик сувда чўкиб нобуд бўлиш ходисаларига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, сузиш пайтида енгилтаклик ёки лоқайдлик билан ўз кучига ортиқча ишониш, сув ва қайиқда нотўғри хатти-ҳаракатлар қилиш ва нотаниш жойда ёлғиз ҳолда чўмилиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин.
Юқорида айтиб ўтилган эслатмаларга ҳар бир инсон риоя қилса, нохуш ҳодисаларнинг олди олинган бўлур эди.
Ҳурматли туманимиз аҳолиси! Болаларни ва яқинларингизни сувда чўкиб кетиш ҳодисалари билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалардан асраш учун доимо огоҳ бўлинг, фарзандларингизни ҳеч қачон назоратсиз қолдирманг!
Р. Артиқов,
Қумқўрғон тумани ФВБ ФВДТ ва ФМ фаолиятини ташкиллаштириш, хавфсизлик тарғиботи бўлинмаси бошлиғи, капитан