Ҳокимлик соатлари: хафта давомида қабул қилинган қарорларнинг қисқача шарҳи

“Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (09. 06. 2021 йил) Президент фармони қабул қилиниб, шунга кўра, 2021 йил 1 июлдан тегишли материалларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан вазифалар тақдим этилди.
Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар; қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарига берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидагича компенсациялар: миллий валютадаги кредитлар бўйича – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда; чет эл валютасидаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда; синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар қамраб олинди. Шунингдек, 24 та туман (шаҳар)лар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб, уларда “кичик саноат зоналари” ташкил этилади; “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузурида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилинади.
“Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (07.06.2021 й.) қабул қилинди. Шунга кўра иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳоли (ташаббускор аҳоли) томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар барпо этилади; қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил қилинади.
Уй-иссиқхона мажмуалари давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилади. Ташаббускор аҳолини танлаш инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. Қарорнинг матни билан тўлиқ танишиб, етарлича маълумотларни билиш мумкин. Шунингдек, ҳафта давомида “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (08.06.2021 й.), “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (10.06.2021 й.) Президент қарорлари қабул қилинди. Ҳукумат қарорлари билан (04.06.2021 й.) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати, (08.06.2021 й.) Республика кўчмас мулк объектларини бир давлат ташкилотидан бошқа бир давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, (09.06.2021 й.) “Гидрометеорология хизмати аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди.
(10.06.2021 й.) Тошкент давлат юридик университетида кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом, (10.06.2021 й.) Шоли экиш учун сотиб олинган замонавий уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди. “Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейнинг битирувчилари Тошкент давлат юридик университетига якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3308, 09.06.2021 й.).
Р. СУЛТАНОВ,
туман адлия бўлими бошлиғи